Янги китоб: “Хаёлим гули”

Дилшода Саидолимова – Оқдарё фарзанди. Лойиш шаҳарчасига туташ қишлоқда яшайди. У “Қизлар”, “Кичкина аммам”, “Сен менинг қувончимсан”, “Умидим” каби китоблари билан шеърият ихлосмандларига таниш.

Шеърлари республика, вилоят, туман матбуот нашрларида тез-тез босилиб туради. Яқинда Тошкентда – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида унинг янги китоби - “Хаёлим гули” шеърий гулдастасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ҳар бир ижодкорнинг ўз нафаси, ўз ифода усули, кўнглининг бетакрор мулки бор. Шу жиҳатдан бу китоб Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дилшода Саидолимовадан адабиётимиз кутубхонасига ажойиб туҳфа бўлди. Шеърларгина эмас, ҳикматлар, кузатишлар асосидаги хулосалари кишини ўйлантиради. Уларни мутолаа қилаётганда биридан иккинчисига тезгина ўтиб кетолмайсиз.
“Ҳақиқий ижодкор бўламан, деган киши ижод йўлидаги шағал ва чақир тиканларни ўзгалар териб ташлашини кутиб ўтирмайди”, деб ёзади муаллиф ўз хулосаларини таъсирчан ибораларга жо қилиб. Умуман, китобни варақлаган киши ундан албатта ўзига ибрат, ҳикмат олади.

Қизиқарли ўтган тақдимотда адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошевнинг мулоҳазалари, шоира Қутлибека Раҳимбоеванинг китобда жамланган шеърлар ҳақидаги теран фикрлари иштирокчилар ва ижодкорларни тўлқинлантирди. Таржимон Маъсума Аҳмедова эса шоиранинг шахсий ҳаётидаги ибратли воқеалар, улкан савобли ишлар ҳақида таъсирчан сўзлади.
Дарвоқе, тақдимот маросимида Ички ишлар вазирлиги академияси ходимлари ҳам иштирок этди, китобдан ўрин олган шеърларнинг таъсирчанлиги ҳақида фикрларини билдиришди. Ўқувчилар тадбирда йиғилганларга шоира шеърларидан ёд ўқиб бердилар.
Тақдимот иштирокчиларига “Хаёлим гули” китоби туҳфа этилди.

Маъмура Зоҳидова.