Янги китоблар: “Тафаккур ва тараққиёт қуёши”

Самарқанд давлат университети профессори, жаҳон физиологлари жамияти академиги, кўплаб олимларнинг устози Бакриддин Зариповнинг учта китоби яқинда пойтахтимиздаги “Замин нашр” нашриётида чоп этилди.

Ушбу китобларни академикнинг бой илмий тажрибаси ва ҳаётий сабоқларининг қаймоғи, дейиш мумкин.   

“Тафаккур ва тараққиёт қуёши” деб номланган рисолада муаллиф муқаддас динимиз ва халқимиз тарихий анъаналари, урф-одатларидаги комилликка интилиш ғояларидан келиб чиққан ҳолда маърифатнинг, хусусан, китоб ўқишнинг моҳияти хусусида тадқиқотларига асосланган хулосаларини беради. Бахтли бўлиш, тўкис ҳаёт кечириш, фаровон яшашнинг бирдан-бир манбаи илм олишдир, деб таъкидлайди олим.  

“Тафаккурнинг 64 нуқтаси” китобида аждодларимиз “ақл чархи” сифатида қараган шахмат ўйини ҳақида сўз боради. Бу китоб иқтисод фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда шахмат бўйича кўплаб турнирлар ташкилотчиси ва ҳомийси Анвар Шукуров ҳаммуаллифлигида тайёрланган. Рисола муаллифлари шахмат тарихи, буюк аждодларимизнинг ақл машқига бўлган эътибори ҳақида батафсил тўхталади ҳамда юртимиздан етишиб чиқаётган ёш ва номдор шахмат усталарининг ютуқларидан фахр ҳисини баён этади. 

Олимнинг М.Раҳматов билан ҳаммуаллифликда ёзилган, Конфуций ҳикматлари ўрин олган яна бир китоби “Билимсизлик – инсоният учун энг қоронғи тундир” китоби ҳам илм тарғиботи ҳақида.

Файласуф Конфуций билимсизликни энг қоронғи тунга ўхшатган эди. Хўш, бундай иллатга қарши қандай кураш олиб бориш мумкин, унинг аниқ, синалган йўли борми? Китоб муаллифлари ушбу саволларга жавоб излайди, ўқувчига бу борада ўз хулосаларини беради. Файласуфнинг ҳаёт ва фаолияти, унинг ҳиматлари моҳиятини муллифлар ўз ҳаётий тажрибалари мисолида тадқиқ этади.

Ушбу китоблар мазмунан бир-бирини тўлдириб, инсоннинг азалий орзуси – бахтли бўлиш, тўкис ҳаёт кечириш ва фаровон яшашнинг моҳияти ҳақида жўяли хулосалар беради.