Янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказайлик!

Шу йилнинг 20 декабрь кунидан бошлаб Самарқандда профилактик тадбирлар бошланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда маълум қилинди.

Шунга кўра, 20 декабрдан бошлаб Самарқанд шаҳри ва туманлар марказларида ташкиллаштириладиган «Янги йил» ва «Президент арчаси» байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш мақсадида профилактик тадбирлар амалга оширилади.

Бундан мақсад - Янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказиш, осойишталикни сақлашдан иборат. Бу борада ички ишлар идоралари тизимида байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида амалга оширилмоқда.

Бунда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Нохуш ҳолатлар юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилади.
Зеро, бугун олдимизга тинч-осойишта ҳаётимизни асраш ва мустаҳкамлаш, халқимизнинг кафолатланган хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб қилиб қўймоқда. Бунинг учун доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, бу эзгу ишга бош қўшишимиз, сафарбарлигимизни янада ошириш замон талаби эканини унутмайлик.

Отабек Салихов,
Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ ЎМИБ терговчиси.