“Яратганга шукур, сен яна келдинг, ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи”

Самарқандда шоир Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган республика анжумани айнан Самарқанд давлат университетида ўтказилиши бежиз эмас. Эл суйган шоир айнан шу масканда таҳсил олган, талабалик йилларидаёқ шу бугунга қадар фаолият кўрсатиб келаётган “Шалола” адабий тўгарагига асос солган.

Конференцияда Сенатор Фармон Тошев, таниқли ижодкор, шоир Салим Ашур, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, шоира Хосият Бобомуродова, ёзувчилар уюшмаси вакиллари Тошпўлат Тугалов, Шоди Отамуродов ҳамда Омон Матжоннинг фарзандлари маърузалари билан иштирок этиб, ижодкор ва унинг фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

- Самарқанд давлат университетининг битирувчиси Омон Матжон билан доим фахрланганмиз, - дейди СамДУ филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. - Омон Матжон ўзининг бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида Она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг сермазмун асарлари халқчиллиги ва ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. - Омон Матжон шеърияти мавзулар кўламидан ҳам, образлар турфалигидан ҳам бошқа шоирлар ижодидан ажралиб туради. Шоир шеъриятида ўзига хос ритм мавжуд. Унинг асарларида халқ оғзаки ижоди, мумтоз анъаналар, замонавий шеъриятдаги метафоралар қоришиқ ҳолатда учрайди. Бунда поэтик мушоҳада асосий мақсадга қаратилади. Барча ёрдамчи ғоялар бош ғоя атрофида бирлашади. Ҳар бир мисрада жилоланаётган фикрлар оқими якуний хулосада кутилмаган ечим ҳосил қилади. Фалсафий теран мушоҳада китобхонни лирик қаҳрамон билан бирлаштиради. Аста секинлик билан ўқувчи лирик қаҳрамон кўзи билан оламга қарай бошлайди. У каби фикрлайди, у каби заҳмат чекади, дарду-изтиробларни, қувончу-шодликларни бирга-бирга тортади.

Тадбир сўнгида СамДУ филология факультетининг «Шалола» тўгараги ижодкорлари ҳамда вилоят «Хор» ансанбли хонандалари ўзларининг шеър ва қўшиқлари билан иштирокчиларга кайфият улашди, дея хабар бермоқда университет ахборот хизмати.