Болангиз соғлом овқатланяптими?

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда болаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳақида хабарлар пайдо бўляпти. Кўпинча бундай ҳодисалар мактаб, мактабгача таълим ташкилотларида учрамоқда.

Савол туғилади, хўш, нега авваллари бундай кўнгилсизликлар кузатилмасди? Йилдан йилга одамлар орасида тиббий маданият, тиббий билим ва кўникмалар ошмаяптими?

- Болаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолати авваллари ҳам бўларди, ҳозир ҳам бўляпти, лекин кўпайгани йўқ, - дейди вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси инфекционист врачи Нигина Исмати. – Фақат бундай ҳодисалар тарқалмасди. Бугун ижтимоий тармоқлар оммалашгани бундай воқеалардан хабардорликни оширяпти. Болалар кўпинча кетчуп, майонезли егуликлардан заҳарланади. Шунингдек, сабзавотларимиз ҳам аввалгидек табиий эмас, ҳар хил кимёвий дорилар билан етриштириляпти. Бундан ташқари, кейинги пайтларда, афсуски, фаросатсиз ота-оналар кўпайган. Қабулимга келганларнинг баъзилари “Боламни уришиб қўйинг, шоколад ва кока-коладан бошқа егулик емайди”, дейди. Ота-она болага шу нарсаларни сотиб олиб бермаса, бола қандай қилиб бундай маҳсулотларга ўрганиб қолади? Бошқа зарарли маҳсулотларга ҳам ота-она сабаб болалар ўрганиб қоляпти.

Таълим даргоҳларида болаларга қандай егуликлар сотиляпти?

Бугунги кунда вилоятдаги 1266 та умумтаълим мактабларида 784 та ошхона ва буфетлар фаолият олиб бормоқда. Уларда деярли рангли, газли ичимликлар, кетчуп, майонезли хотдог, гамбургер каби егуликлар, ҳатто чипси, кириешки сингари зарарли маҳсулотлар сотилмоқда. Хўш, нима учун мактаб ошхоналарида болалар учун тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотиляпти, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Сабаби, мактаблардаги ошхоналар тадбиркорларга аукцион орқали берилган. Тадбиркор мактаб ошхонасини албатта даромад олиш мақсадида олган. Шунинг учун у болаларнинг хоҳиш-истагига қараб озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб сотади.

Болалар юқорида номлари келтирилган зарарли маҳсулотларни яхши кўради. Тадбиркор санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини билса-да, савдоси юриши учун тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини келтириб сотаверади. Нега, уларни ҳеч ким текширмайдими, дейишингиз мумкин. Албатта, мактаб ва боғчалар шаҳар ва туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бир йилда бир марта текшириб турилади. Аммо, масаланинг нозик жиҳати шундаки, текширувдан олдин тадбиркорлар бу ҳақда хабардор қилинади. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга кенг имкониятлар берилган. Шунингдек, исталган пайтда "СЭС" ходимлари мактаб ошхонасини текшира олмайди. Қачонки Бизнес-омбудсман томонидан рухсат берилса, "СЭС" ходимлари мактаб ошхонасини текшириши мумкин.

Улар огоҳлантириш билан келса-да, мактаб ошхонасидаги камчиликлар бартараф этилаётгани йўқ. Буни факт ва далиллардан ҳам билишимиз мумкин.

"СЭС" қанча мактаб ошхонасида камчиликлар борлигини аниқлади?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси 2024 йилда шаҳар ва туман СЭО ва ЖС бўлими болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 352-сонли қарорига асосан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида текширувлар олиб борган.

Албатта, бундай текширувлар ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари билан келишилган режа графигига асосан амалга оширилган.

Ўтган йилнинг 12 ойи давомида 1266 та умумтаълим мактабларидан 915 та  умумтаълим мактабида назорат текширувлари ўтказилган. Жорий санитария  назорати олиб борилган мактабларнинг 569 тасида санитария қоида ва меъёрлари бузилгани аниқланган ва камчиликлар бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йилдаги 200-сонли буйруғига асосан ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган 190 нафар ходим вақтинча ишдан четлатилган. 26 та умумтаълим мактаби ошхонаси юқумли касалликлар кўпайгани ва санитария талабларига жавоб бермаганлиги сабабли вақтинча ёпилган.

2025 йилнинг 11 ойи давомида "СЭС" ходимлари томонидан 2014 та объектда 1789 таси режа асосида, 225 таси режадан ташқари назорат ўтказилган. Шундан 829 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 1062 та умумтаълим мактаби, 2 та Президент таълим муассасалари агентлигига тегишли ихтисослаштирилган мактаб, 2 та ИДУМ, 7 та махсус мактаб-интернат, 6 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 43 та профессионал таълим муассасаси, 30 та мусиқа мактаби, 31 та спорт мактабларида  назорат ўтказилган.

Шуниси ачинарлики, текширишлар давомида 1710 та объектда лаборатория синовлари олиб борилган бўлиб, кимёвий таҳлилдан 34 минг 811 та намунадан 467 тасида, бактериологик таҳлиллардан 16 минг 32 тасидан 643 тасида, паразитология таҳлилларидан 209 минг 879 та намунадан 2555 таси талабга жавоб бермаган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 1067 та муассаса масъулларига нисбатан 2 346 662 000 сўм миқдорда жарима чораси қўлланилган. Шундан ҳозирча 960 таси, яъни 1 526 304 198  сўм миқдори ундирилган. 28 та муассаса ошхонасининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган, тиббий кўрикдан ўтмаган 551 нафар ходим вақтинча ишдан четлатилган.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, ҳудудий бўлимлари ва умумтаълим мактаблари раҳбарларига 2021 йил 22 июлдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари” бўйича топшириқ хатлар юборилган. Аниқроғи, 38 хил турдаги тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини мактаб ошхонасида сотилишини тўхтатиш борасида огоҳлантирилган.

Айтганча, мактаб директорлари тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини мактаб ошхонасига киритмаслик ҳуқуқига эга. Лекин айрим директорлар ошхона ва буфетларга ўз қариндошларини жойлаштиргани туфайли бу муаммонинг олди олинмаяпти.

 Бола соғлом овқатланиш қоидасини биладими?

Бугун болаларнинг аксарияти соғлом овқатланиш тартибини билмайди. Бунинг учун, аввало, ота-онада соғлом овқатланиш нима экани ҳақида тушунча бўлиши лозим. Баъзида кўча-кўйда ёш болаларга рангли ичимликлар ёки чипси каби қотирилган зарарли маҳсулотларни сотиб олиб бераётган ота-оналарга дуч келамиз. Бу нимадан дарак? Бу, ота-онада соғлом овқатланиш ҳақида тушунча камлигини билдиради. 

Агар ота-она болага ёшлигидан тўғри ва соғлом овқатланиш тартибини ўргатса, у келгусида кўча-куйда ёки мактаб буфетида сотилаётган зарарли маҳсулотларни сотиб олмайди.

Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлари рўйхати келтирилган. Масалан, гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар), сунъий таъм, ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари, сунъий консервантлари бор маҳсулотлар (кириешки, хрустяшки, чипслар), рангли ва рангсиз газланган ичимликлар каби 38 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари мактаб ошхоналарида сотилмаслиги керак.

Боланинг соғлом ўсиб-улғайиши учун, аввало, оилада унга тўғри ва соғлом овқатланиш қоидаси ўргатилиши, шунингдек, мактаб ошхона ва буфетларида тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмаслиги лозим. Буни ҳар бир мактаб директори ва тадбиркор виждонан тушунса ва тартиб-қоидага амал қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.