Ярим йилда прокурорлар қандай ишлади?

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятдаги прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси асосида 2930 нафар шахс интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилди, ноқонуний қарорларга нисбатан 1693 та протест келтирилди. Судларга 13,2 миллиард сўмлик 652 та даъво аризалари киритилди.

Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 36,4 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши ҳамда маҳаллий бюджетга тушиши таъминланди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 211 та жиноят иши қўзғатилди.

Бу каби таҳлил ва рақамлар Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов раислигида прокуратура органларининг вилоятда қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, Президентнинг Фармон ва Қарорлари ижросини таъминлаш борасида 2021 йил 1-ярмидаги фаолият якунлари ва келгусидаги вазифаларни белгилаш бўйича кенгайтирилган ҳайъат мажлисида айтилди.

Онлайн тарзида ўтказилган тадбирда вилоят прокуратура органларининг прокурор-тергов ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.

Таъкидланишича, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кўрилган чоралар натижасида 5 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, 1653 нафар фуқаро ҳуқуқлари тикланди.