Прокурор ўз ҳисоботида нималарни қайд этди?
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 56-сессиясида вилоят прокурорининг 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллигида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Вилоят прокурори тизимдаги кенг кўламли фаолиятнинг сессия кун тартибидаги масалага дахлдор жиҳати ҳақида тегишли маълумотларни тақдим қилди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, тизимда камчилик ва муаммолар ҳам бор, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ режалар, чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Тизимдан 1 киши ишдан бўшатилган
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 20 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи йиғилишида прокуратура органларини коррупциядан холи, чинакам халқ прокуратурасига айлантириш борасида топшириқ берганди. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, энг аввало, тизимдаги вазиятни ўнглашга, жамоада ишчан ва соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар Концепцияси ишлаб чиқилиб, муайян ишлар амалга ошириляпти. Шунингдек, тизимни нопок ва номуносиб ходимлардан тозалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда коррупцияга мойил 1 нафар ходим тизимдан бўшатилган. Хизмат вазифаларини уддалай олмаган 2 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Жиноятга қўл урган 1 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган.
Қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилди. Мавжуд 40 га яқин назорат органлари фаолияти устидан тизимли ва таъсирчан назорат ўрнатиш орқали қонунийликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилган.
Ижтимоий ҳимоя – муҳим масала
Ижтимоий соҳада прокурор назоратини таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳам муҳим масала. Хусусан, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож 900 дан зиёд фуқаронинг муаммолари ҳал этилиб, 157 нафар фуқаронинг 300 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилган.
Бевосита прокуратура аралашуви билан 49 нафар шахсга 321 миллион сўм кечиктирилган иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ундириб берилди, фуқаролар манфаатида судларга 334 миллион сўмни ундириш бўйича 90 дан ортиқ ариза киритилган.
Прокурор секторида яшовчи 13 мингга яқин муҳтож оилага ҳар томонлама кўмак берилиб, 17 мингга яқин фуқаро ишга жойлаштирилган.
Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари доимий эътиборда бўлмоқда. Жумладан, оғир вазиятга тушиб қолган 148 нафар аёлга уй-жой ажратилишида, қарийб 19 мингдан ортиғининг ишга жойлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Етим ва ота-она қаровисиз 300 дан зиёд вояга етмаганлар учун жавобгар шахс йўқлиги аниқланиб, уларга васий ва ҳомийлар тайинланиши таъминланган.
Ғайриижтимоий хатти-ҳаракат содир этган 700 нафардан ортиқ, мактабга сабабсиз бормаётган 600 дан зиёд бола аниқланиб, мажбуриятларини бажармаётган 700 га яқин ота-онанинг жавобгарлиги ҳал этилган.
Қарийб 80 миллион сўм компенсация ундирилган
Иқтисодий соҳадаги назорат ишларида асосий эътибор тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишда юзага келган муаммоларни ҳал қилиш масалаларига қаратилган.
Хусусан, 818 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 2100 дан зиёд тадбиркорга, жумладан, 100 дан ортиқ экспортёрга муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашилган.
Прокурорлар ёрдами билан қарийб 1239 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, фаолияти тўхтаб қолган 500 га яқин корхона тикланган. Натижада 3647 та янги иш ўрни яратилган.
Суд ижро ҳужжатларига биноан кўрилган чоралар натижасида тадбиркорлар фойдасига 79 миллиард сўмлик компенсация пуллари ундириб берилган. Бироқ ижро ҳужжатлари бўйича 20 миллиард сўм маблағ тўланмасдан қолмоқда.
Ҳисобот даврида 8 та йирик жиноий схема Бош прокуратура қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тезкор фаолияти натижасида фош этилиб, юрт манфаатларига етказилган 78,1 миллиард сўмлик зарар аниқланган.