Кенгаш – вакиллик органи. Унинг фаолиятида жамият манфаати акс этади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик олтинчи сессиясида бу қоида яна бир бор ўз исботини топди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят Кенгаши депутати Ф.Тошев олиб борган сессия ишида дастлаб вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Қарийб 30 фоиз тадбиркор “0” ҳисобот беряпти
Сессияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг қайд этишича, ҳисоботларда ишламаётганлиги қайд этилган тадбиркорлик субъектлари танланма асосда ўрганилганда уларнинг 70 фоиздан ортиғи амалда фаолият кўрсатаётганлиги аниқланган.
Ҳисоботда кўрсатилишича, ўтган йили бюджет маблағларидан 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ўзлаштириш бўлган.
Депутат Б.Насриев бу хато-камчиликлар, унга йўл қўйган шахслар ва уларга берилган чораларни жамоатчиликка ошкор қилиш таклифини берди. Депутат Азиз Аҳроров иш ўрни яратиш юзасидан таклиф киритди.
- Мавжуд шароит туфайли Самарқанд шаҳрида ёки туман марказларида кўплаб иш ўрни яратилмоқда, - деди А.Аҳроров. - Бироқ марказларда бу ўринга талабгорлар сони талаб даражасида эмас. Менимча, ишчиларни узоқдан олиб келиш учун қонун доирасида субсидия бериш керак.
Вилоят ҳокими ўринбосари мазкур таклифни қўллаб-қувватлаб, бюджетдан ажратиладиган мазкур маблағларнинг аниқ ҳисоб-китоби ва механизмларини ишлаб чиқиб, келгуси сессияларда ҳисобот беришини билдирди.
Шунингдек, айни пайтда бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда махсус платформа яратилиши айтилди. Бу орқали ишчилар ўзига маъқул иш ёки вазифа, буюртмачилар зарур уста-ишчиларни топиш имконияти яратилади.
Мулк солиғи ставкалари қайта кўриб чиқилади
Сессия ишида туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкнинг мутлақ қийматига қўлланиладиган минимал миқдорлар белгиланиши кутилганди.
- Ҳукуматнинг тегишли қарорида маҳаллий Кенгашларга солиқ ставкаларини 50 коэффициентгача тушириш ҳуқуқи берилган, - деди депутат Ў.Саидмуродов. - Бироқ тайёрланган қарор лойиҳасида вилоятнинг айрим туманларидагина шундай тариф белгиланган. Аммо бошқа туманларда 60, ҳатто 65 коэффициент белгиланяпти. Юқорида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари айтиб ўтганидек, 30 фоиз тадбиркор “0” қийматда ҳисобот топширяпти. Мол-мулк солиғининг лойиҳада кўрсатилган тарзда белгиланиши уларнинг сони ортиши, ўз навбатида, бюджетга тушумлар камайишига сабаб бўлади.
Мазкур масала атрофлича муҳокама қилинмагани, бу борада жамоатчилик фикрлари ўрганилмагани учун қарор лойиҳаси депутатлар томонидан келгуси сессияда кўриб чиқиладиган бўлди.
Судларда кўрилган ишлар ҳажми ошган. Нега?
Сессия ишида вилоят суди раиси О.Ҳайитовнинг ахбороти тингланди.
Қайд этилишича, 2020 йилда пандемия сабабли карантин чоралари белгиланди. Табиийки, бу даврда судларда ҳам иш кўриш 2021 йилда бу борада бирмунча енгиллик берилгани боис судларда кўрилган ишлар сони қарийб тенг баравар ортган.
Депутатлар вилоят прокурори Р.Машариповнинг 2021 йилнинг II ярми давомида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.
Сессияда шунингдек, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Зокиров 2021 йил давомида Президентнинг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Ижро интизоми қатъий, жазо эса муқаррар
Сессияда вилоят ҳокимлиги ижро назорати гуруҳи раҳбари З.Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.
Президентимиз томонидан барча бошқарув органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш бўйича қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда.
Ушбу қарор ва фармонлар ҳамда ташрифлар давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ijro.gov.uz” тизими орқали шу кунга қадар вилоятимизга 963 та ҳужжат асосида 6773 та топшириқ келиб тушган. Бугунги кунгача мазкур топшириқларнинг 5282 таси ижро этилган. Амалда бажарилди, деб ахборот киритилган 179 та топшириқлар етарли асослантирилмаганлиги учун электрон тизим орқали қайтарилган.
Сессия ишида депутатлар ижро интизомида сусткашликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чораларини қўллаш бўйича қарор қабул қилди.
Вилоят ҳокимлиги ташкилий тузилмаси янгиланди
Сессия кун тартибига мувофиқ, вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Унга кўра, вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилди. Қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, Кенгаш қарори билан Булунғур ва Паст Дарғом туманидаги айрим аҳоли пунктларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сессия ишида, шунингдек, Кенгаш ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.