Самарқанд вилояти Кенгашининг 90-сессияси 21 сентябрда ўтказилади
Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов 2023 йил 14 сентябрда қабул қилган "Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, тўқсонинчи сессиясини чақириш тўғрисида"ги қарорида маълум қилди.
Унга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги тўқсонинчи сессияси 2023 йил 21 сентябрь куни чақирилади.
Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-43-сонли қарорининг ижроси юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматовнинг ҳисоботи ҳақида;
— вилоятда 2023 йил I ярим йилда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг ахбороти ҳақида;
— вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Т.Маҳмудовнинг ахбороти ҳақида;
— вилоятда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражасини ошириш ва оқова сув бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тўғрисида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари К.Юсуповнинг ҳисоботи тўғрисида;
— қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўлов, шунингдек, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тарифларини маъқуллаш тўғрисида;
— вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида;
— вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абиловнинг вилоят ҳокимининг 2023 йил 23 августдаги “Вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил II чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидан фойдаланиш тўғрисида”ги 234-7-0-Қ/23-сонли қарори билан ажратилган маблағларни ишлатилиши юзасидан ҳисоботи тўғрисида;
— халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2023 йил 20 июлдаги “Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2023 йил II ярим йиллигига мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида;
— бўш турган давлат мулки объектларини “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги 2021 йил 8 октябрдаги қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида;
— жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисида.