Самарқанд вилояти Кенгашининг 104-сессияси 23 октябрь куни ўтказилади
Бу ҳақда бугун, 15 октябрда вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг "Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, бир юз тўртинчи сессиясини чақириш тўғрисида"ги қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бир юз тўртинчи сессияси 2024 йил 23 октябрь куни чақирилади.
Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:
— вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Аҳад Ўроқовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисоботи;
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудовнинг ҳисоботи тўғрисида;
— жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида;
— жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисида;
— халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2023 йил 27 декабрдаги «Самарқанд вилоятининг 2024 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида;
— «Ўзбектелеком» АКнинг мобил ва симли маълумотларни узатиш тармоқларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида телекоммуникация инфратузилмасини Самарқанд вилоятида янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа концепциясини келишиш тўғрисида;
— халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2024 йил 24 сентябрдаги «Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида;
— вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида.