Прокурорларнинг ҳар ҳафта камида бир марта ёшлар билан учрашиши белгиланди

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгаши навбатдаги сессиясида қарор қабул қилинган.

Сессияда вилоят прокурорининг “Вилоятдаги 2-секторда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд оилаларни бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2021 йил IV чораги учун мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Йўл харитасида бир қатор бандлар бўлиб, жумладан, ҳар бир туман, шаҳар прокурори ҳафтада камида бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш белгиланган. Учрашувларда ёшларнинг муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ишларни йўлга қўйиш мажбурияти юкланган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга кўра, давлат фойдасига ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларидан келиб тушган маблағларнинг тенг ярми “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга сарфланиши белгиланган.