Вилоят прокурорининг қўшработлик ёшлар билан учрашуви ноодатий бўлди
Қўшработ туманида “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ёшлар 22,8 минг нафар бўлиб, уларнинг 3695 нафари ишсиз, 26 нафари уй-жойга, 11 нафари ижтимоий ҳимояга, 8 нафари тиббий, 12 нафари психологик ёрдамга, 635 нафари истеъмол ва таълим кредити олишга муҳтож.
Бу ҳақда шу туман марказида Самарқанд вилояти прокурори Равшан Машариповнинг ёшлар билан учрашувида таъкидланди.
Бу галги тадбирда прокурор қандайдир бир залда ўтириб эмас, жойларга чиққан ҳолда қўшработлик ёшлар билан суҳбатлашди.
Ноанъанавий тарзда ташкил этилган тадбирда, асосан, “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган йигит-қизлар қатнашди. 376 та бўш иш ўринлари таклиф этилди ва 78 нафар йигит-қиз ишга жойлашадиган бўлди. 32 нафар ёш касб-ҳунарга ўқитиш марказларига йўналтирилди.
Тумандаги ишсиз ёшлардан 50 нафарига мотокультиватор, 45 нафарига 10 бошдан майда шохли чорва моллари тарқатилди. Шунингдек, хотин-қизлардан 5 нафарига тикув машиналари, 10 нафарига Хоразм вилоятига саёҳат қилиш учун бепул йўлланмалар берилди.
Тадбирда қўшработлик ёшларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишга қабул қилиш учун саралаш суҳбатлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, туман ҳарбий техникалар намойиши, аскарларнинг жанговар чиқишлари, спорт мусобақалари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ўқишда, меҳнатда, тадбиркорликда фаол бўлган йигит-қизларга вилоят прокуратураси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов иштирок этди.
Тўлқин Сиддиқов.