«Яшаб бўлмай қолди». «Амина» яхши ишламайди: Россияда меҳнат мигрантлари қандай яшаяпти?
Россияда мигрантлар устидан назорат тобора кучайиб бормоқда.

Бир йил ичида ҳукумат «нолегаллар» реестрини жорий қилди, болаларни мактабларга қабул қилиш талабларини кескинлаштирди, полицияга судсиз мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини берди ва Москва ҳамда вилоятларда келувчилар ҳаракатини кузатиб борадиган махсус иловани ишга туширди.
Украинадаги уруш ва рубль қийматининг пасайиши туфайли Россияда ишлаш жозибаси шусиз ҳам камайган эди, янги чекловлар эса мигрантларни бездириб, бошқа — жумладан, Европа давлатларига назар ташлашга ундамоқда.

«Мажбуран» Москвада
25 ёшли Билол ҳам 89 фоиз қирғизистонлик ёшлар қатори ҳар доим чет элда ишлашни истаган.
Қирғизистонда ёшлар меҳнат миграцияси оммавий, иқтисодий зарур ва ижтимоий қўллаб-қувватланадиган ҳолатда ошмоқда, ички иқтисод эса ҳали шунга мос имкониятлар таклиф қилолмаяпти.
Мамлакатда ўртача ойлик маош — 42 минг сом (480 доллар), масалан, Россияда ишлаб чиқариш соҳасида маош ойига 150 минг рублгача (қарийб 2 минг доллар) етади. Лекин Билол, кўпчилик ватандошларидан фарқли ўлароқ, Россияда ишлашни ҳеч қачон режалаштирмаган. «Чунки ватандошларимиз Россияда кўпинча ирқчиликка дуч келади», дейди у.

Унинг орзуси Европа эди, аммо Европа Иттифоқида иш таклифига таниш-билишсиз эришиш амалга ошмайдиган вазифадек кўринган. Шунда Билол «воситачилар»га - Европа компаниялари билан алоқадор, ишчи зарур корхоналарга одам жўнатувчи ватандошларига мурожаат қилди. Улар Билолга Санкт-Петербургга боришни тавсия қилишди. Айтишларича, у ерда ҳужжат топшириш ва виза аризасини расмийлаштириш осонроқ.
Бу вақтда COVID-19 пандемияси авжига чиқди: кўплаб Шенген давлатлари визалар бермай қўйди, консулхоналарини вақтинча ёпди. Билол қўли қисқа ҳолда уйга қайтишни хоҳламади ва «мажбуран» Россияда қолди.
У Украинадаги кенг кўламли уруш бошланишидан икки ой олдин Россиядан чиқиб кетди. «Ўшанда ҳозиргидек эмас эди, — деб эслайди у. — Ҳа, кўчада тўхтатишарди, лекин «бадал»ини олиб, қўйиб юборарди”.
Ҳозир эса «Амина» (Россиянинг миграция назорати учун мўлжалланган мобиль иловаси) ҳақида, полициянинг кўчаларда ушлаши ва урушга юбориш ҳолатлари ҳақида гап-сўзлар юрибди. Хуллас, унинг орзуси — Европа бўлиб қолаверди.
Облавалардан тортиб кузатувгача
Россияда меҳнат мигрантлари учун қонуний ишга олиб борадиган йўл «Сахарово» деб аталадиган марказ орқали ўтади. У Москвадан 60 километр узоқликда жойлашган ва келганларни соатлаб туришга мажбур этувчи улкан навбатлар билан кутиб олади. Периметрни қуролланган куч тузилмалари қўриқлайди, ичида эса «ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар»ни аниқлаш учун қон ва сийдик топшириш каби жараёнлар кутади. Биринчи уринишда ҳужжат олганлар қонуний ишлай олади, аммо бу уларни кейинги муаммолардан ҳимоя қилмайди.

Россияликлар уларга уй ижарага беришни кўпинча истамайди. Мигрант болаларини «жой етишмаслиги» баҳонаси билан мактаб ва боғчаларга қабул қилишмайди, ўзлари эса иш жойидаги «облава»ларга, кўча ёки транспортдаги доимий «ҳужжат текшириш»ларга дуч келади. Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши ҳам уларга босим ўтказиш воситасига айланди: кўпларга «бонуслар», масалан, фуқароликни тезлаштириб бериш ваъдаси билан урушда иштирок этиш таклиф қилинмоқда.

«Крокус Сити Холл»га қилинган ҳужумдан сўнг, уни амалга оширганлар сифатида тўрт нафар тожикистонлик фуқаро қўлга олинганидан кейин, куч тузилмалари кенг кўламли рейдлар бошлади. Тожикистон ҳукумати ҳатто ўз фуқароларига ксенофобия хавфи туфайли уйдан чиқмасликни тавсия қилди.
Шундан кейин қонун чиқарувчилар ҳам ишга киришди. Охирги бир йилда улар никоҳ орқали яшаш гувоҳномасини олиш имкониятини чеклашди, ИИВга мигрантларни судсиз депортация қилиш ҳуқуқи берилди, болаларини мактабга қабул қилиш учун рус тилидан имтиҳон топшириш мажбурияти жорий этилди, шу билан бирга Россияда қонуний яшаш асослари бўлмаган хорижликлар рўйхати — «Назоратдаги шахслар реестри» яратилди.

Россия ҳукумати бу чораларни ноқонуний мигрантларга қарши курашиш ва жиноятларнинг олдини олиш зарурати билан изоҳлади. Жорий йил июль ойида ИИВ мигрантлар томонидан қилинган жиноятлар сони ошганини маълум қилди, аммо умумий жиноятчилик статистикасида хорижликлар улуши пастлигича қолмоқда. Аниқроқ айтганда, лойиҳа тадқиқотига кўра, жиноятлар кўпроқ катта ёшли россиялик эркаклар томонидан содир этилади.
1 сентябрдан бошлаб янги пилот лойиҳа ишга туширилди: Москва ва вилоятида яшовчи Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украина фуқаролари телефонига «Амина» иловасини ўрнатиши шарт. Ҳукумат илованинг асосий мақсади — фойдаланувчилар жойлашувини доимий тарзда кузатиш эканини яширмади.
«Тескари ишлайди»

Агар телефон уч иш кунидан ортиқ «Амина»га геолокацияни юбормаса, фойдаланувчи автоматик равишда рўйхатдан чиқарилади. Мигрант масалани дарҳол ҳал қила олмаса, «назорат қилинадиган шахслар» реестрига тушиб қолиши, бу эса банк ҳисобларининг блокланиши, ишдан айрилиш ёки университетдан четлатилишига олиб келиши мумкин.
Ишлаш жуда қийинлашиб кетди
Мигрантлар кўпинча «силовик»ларнинг чегарадан чиқиши, уриши, худди террорчиларга қилгандек муомалада бўлиши, назорат органларининг қўпол ҳаракатларидан нолишади. Россия расмийлари одатда бундай текширувлар қонун доирасида ўтказилишини, мигрантларга нисбатан ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўйилмаслигини таъкидлайди. Албатта, ахир мигрантлар ҳар қандай муомалада ҳам полицияга мурожаат қилишмаслиги кундек аён.
Маълумотларга кўра, Россияда қонуний меҳнат мигрантлари сони икки баробар камайган. Айниқса, Тожикистондан келувчи мигрантлар сони биринчи ярим йилликда 150 минг кишига қисқарган. Шу билан бирга, 2023 йилда Россияга келган барча мигрантлар сони 560,4 минг кишини ташкил қилиб, бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга камайган.
Шунга қарамай, Россия Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатлари учун энг оммабоп меҳнат йўналиши бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун иккинчи ўринда — Қозоғистон. Бу ерда асосан қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдилар.
Учинчи ўрин — Туркия. Бу ерда Марказий Осиёдан келган мигрантлар асосан тўқимачилик, кийим-кечак ишлаб чиқариш, қурилиш, меҳмонхона-ресторан соҳалари ва мавсумий қишлоқ хўжалигида банд.
Жанубий Корея эса завод, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда балиқчилик ва уни қайта ишлаш соҳалари учун ишчилар кутмоқда.
Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (IRU) маълумотларига кўра, Европада юк машинаси ҳайдовчилари етишмаслиги туфайли компанияларнинг ярмидан кўпи бизнесини кенгайтира олмаяпти. ЕИ, Норвегия ва Британияда 233 мингдан ортиқ ҳайдовчи етишмаяпти. Касб «қариётгани» ва ёшларни жалб қила олмаслик инқирозни кучайтирмоқда.


Масалан, Словакияда ўтган йили 12 минг ҳайдовчи етишмаган. Шу боис у Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Украина каби мамлакатлар учун юк ташиш соҳасига виза бериш тартибини енгиллаштирган.
Польша Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига иш рухсатномаларини фаол беришда давом этмоқда. Чехия — Ўзбекистон ва Қирғизистондан келувчилар учун иш визаларини тезлаштирилган тартибда расмийлаштирмоқда. Литва ҳам ҳайдовчи бўлиб ишлашни истаганларга виза беришни кучайтирмоқда.
2023 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига берилган биринчи иш рухсатномалари мос равишда ошган. Шунга қарамай, Марказий Осиёдан Европага кириш ҳали ҳам осон эмас: «Таниш-билишсиз, сени компанияга тавсия қилиб бермасалар, оддий ишчилар учун жараён жуда қийин», дейди қийинчиликлар билан бўлса-да, орзусига етишган ва айни пайтда Словакияда ишлаётган қаҳрамонимиз Билол.


Хуллас, Европанинг ўзида ҳам миграциядан норозилик ортиб бораётгани айрим ҳукуматларни қоидаларни янада қаттиқлаштиришга ундамоқда, ҳатто ишчи кучи етишмаётган соҳаларда ҳам. Россияда меҳнат мигрантлари сони қатор янги чекловлар ва қийинчиликлар туфайли камайган бўлса-да, Европага миллионлаб мигрантларнинг оқими тўхтамаяпти. Иқтисодий имкониятлар ва меҳнат шароитларининг яхшироқ бўлиши уларни ушбу қитъага эътиборларини қаратиб турибди.
Шу тариқа, миграция жараёни минтақавий даражада давом этмоқда ва Европа мамлакатлари учун ҳам муҳим ижтимоий-иқтисодий масала бўлиб қолмоқда.
Интернет маълумотлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.