"Яшил ўрик". Бу жўжани "кичкина хўроз" дегандек бир гап-да

Баъзи интернет нашрларида "яшил ўрик" деган гап юрибди. Матн  суратида эса довуччаларни кўрдим. Ҳали уларнинг тўлақонли ўрик бўлишига бир-икки ой бор.

Демак, ғўрани ўрик деб бўлмайди. Бу сўзлар русчадан тўғридан тўғри таржима қилинган, албатта. Чунки, рус тилида маъносини тўлиқ англатадиган сўз топилмагани учун довучча "зелёный абрикос" деб юритилади.

Бизлар эса буни билиб-билмай азалдан довучча ва ғўра деб юритиб келганимиз, яъни ўрик мевасининг хомакисига аллақандай ғалати ном бераётганимизни сезмаяпмиз. Бу кетишда эрта бир кун набира, чеварамиз жўжани "жажжи хўроз", ҳўкизни "сигирнинг ўғли" деб юрмаса бўлди, ишқилиб.

Тилимиз жуда бой. Ҳар нарсани ифода қиладиган сўзимиз бор. Бунинг учун озгина қунт қилинса, бас. Шунда "яшил ўрик" деган энсани қотирадиган талқинлар пайдо бўлмайди.

Хуллас, "зелёный абрикос" "яшил ўрик" эмас, довучча ё  ғўра бўлади.

Вассалом.

Аҳмадали Шерназаров.