ЯТТ ходимлари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси камайтирилди
«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Қонунга кўра, Солиқ кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилди;
- шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ер солиғини икки баравар миқдорида ҳисоблаш тартиби бекор қилинди;
- ЯТТ ходимлари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси камайтирилди;
- солиқ тўловчилар божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқловчи белги қўйилган товарнинг кузатув ҳужжатларини солиқ органларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилди.
Шунингдек,
- мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод этилди;
- ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот технологиялари, таълим муассасаларининг ўқувчиларини тадбиркорларга ишга жойлаштириш, ёшларни автомобил йўлларидаги кўчма савдо объектлари орқали товарларни реализация қилишга жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан кам таъминланган оила аъзоларини ишга қабул қилиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш соҳасида вақтинчалик солиқ имтиёзлари жорий этилди;
- қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари берилди.