“Яхши ўқисанг, машина ўз “оёғи” билан келади”
Бир куни ишдан қайтаётиб, соя-салқин жойда бироз хордиқ чиқариш мақсадида хиёбонга бордим. Фаввора ёнидаги ўриндиқда бир ёш йигит китоб ўқиб ўтирган экан. Бу кейинги пайтларда камдан-кам кузатиладиган ҳолат эди. Унга ҳавас қилдим. Сал наридаги ўриндиққа жойлашиб, қўл телефонимдан шу кунларда уйда ўқиётган китобимнинг электрон вариантини топиб, кўз югуртирдим. Ўқиганим билан уқолмадим. Хаёлим шу йигит билан суҳбатлашишда эди, аммо унга халал беришни истамадим.
Орадан ярим соатлар ўтгач, йигит китобни ёпиб, ўрнидан турди. Уни имлаб ёнимга чақирдим. Танишиб, ўзимни қизиқтирган саволларимга жавоб олишга ҳаракат қилдим.
- Оилада 5 фарзандмиз, - деди у. – Мен тўнғичиман. Отам қишлоғимизда бозор бўладиган кунлари эшак аравада одамларнинг юкини таширди. Унинг шу аравасидан бошқа улови йўқ. Кейинги пайтларда юк ташишга мўлжалланган енгил автомашиналар, кажавали мотоцикллар пайдо бўлиб, эшак аравага эҳтиёж қолмади. Бу билан отам ишсиз қолди, демоқчимасман. Томорқада меҳнат қилиб ҳам бемалол рўзғор тебрата олади. Аравакашликни эса қўшимча даромад манбаи, деб биларди. Рўзғордан ортган пулларни йиғиб, эскироқ бўлсаям машина ёки кажавали мотоцикл сотиб олишни таклиф қилсак-да, унамасди. Бунинг ўрнига доимо бизга китоб ва ўқув қуроллари олиб берарди. “Яхши ўқисаларинг, машина ўз оёғи билан келади”, дерди кулиб. Онам ҳам кейинги 5-6 йил ичида бизнинг ўқишимизга алоҳида эътибор қаратди. Авваллари пул бўлмаса, институтга кириш осонмас, деб юраркан. Сабаби, онамнинг билими кучли бўлса-да, талабалик насиб қилмаган. Айтишича, уларнинг даврида фақат пули борларнингфарзанди ўқишга кирган экан. Ҳозир эса вазият бошқача.
Йигит бироз жим қолди. Унга истироҳат боғида китоб ўқишнинг гашти бошқача бўлса керак, деб савол бердим.
- Бугун ота-онамнинг истаклари ижобат бўлаётгандек, назаримда, - дея сўзида давом этди у. - Кўп китоб ўқиганлигим сабабли юқори балл тўплаб, ўзим орзу қилган олий ўқув юртига грант асосида ўқишга кирдим. Яқинда “Ёш китобхон” танловида қатнашиш учун рўйхатдан ўтдим. Бунинг учун 60 та китоб ўқиш керак экан. Рўйхатдаги бадиий адабиётларнинг аксариятини ўқиган эканман. Уларни такрорлаб, қолганларини қунт билан ўқиб чиқсам, талабалик давримдаёқ отамга автомашина совға қилишим мумкин экан. Шунинг ҳаракатидаман ҳозир. Қишлоқда қирда ёки сой бўйида, шаҳарда эса хиёбонда ўтириб, китоб ўқисам, воқеалар ва қаҳрамонларнинг исмларини эслаб қолиш осонроқ туюлади.
Бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг кўлами кенг. Улардан оқилона фойдаланаётган йигит-қизларимиз эса албатта, кўзлаган мақсадларига эришади.
Дилноза ҲАСАНОВА.