"Йўл харитаси" – ижро механизми
Ўзаро мулоқотлар чоғида мутахассислар ва аҳолидан тушган ҳамда шаҳар ва туманлар кенгашлари тавсия этган таклифлар мазмун-моҳиятини вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Акрам Халилов ўз маърузасида шарҳлаб берди.
Таъкидландики, таклифлар салмоғи юртдошларимизда мамлакат тақдири учун масъулият ошиб бораётганини кўрсатяпти. Жумладан, давлат бошқарувининг таркибий қисми бўлган назорат фаолиятида очиқликни таъминлаш, бу борада ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда қатъий мезонларга риоя этилувчи тизимни шакллантириш, жамоатчилик назорати салоҳиятини ошириш, маҳаллалардаги мулоқотлар мавзу доирасини кенгайтириш борасидаги таклифлар эътиборга молик.
– 39 банддан иборат таклифларнинг ҳар бири ҳақида шундай дейиш мумкин, – деди сессияга раислик қилган вилоят ҳокими Т.Жўраев. – Ижросини тўла таъминлаш мақсадида ҳар бир таклиф юзасидан аллақачон йўл хариталари ҳам тайёрланмоқда. Унда ҳар бир ҳаракатнинг молиявий асоси, масъул шахс жавобгарлиги, ижро муддати аниқ кўрсатилмоқда.
Вилоят Кенгаши депутати Ўктам Саидмуродов ўз чиқишида иқтисодий лойиҳалар ижросида жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлаш чоралари хусусида гапирди.
– Ҳар бир депутат ўз сайлов округида аҳолини шу ҳудуддаги ўзгаришлар, лойиҳалар, кутилаётган самаралардан хабардор қилиб бориши зарур, – деди у.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов сўзга чиқди.
– Вилоятдан сайланган депутатлар билан бирга барча шаҳар ва туманларда аҳолидан тушаётган таклифларни ўрганяпмиз, – деди нотиқ. – Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонуний талабларини бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича берилган таклифлар таҳсинга сазовор. Шунингдек, сиёсий-ҳуқуқий маданиятни, маънавиятни эса ахлоқий тарбия негизида кучайтириш борасида ҳам арзирли таклифлар билдирилган. Бу ишни давом эттириш муҳим.
Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Азиз Жўраевнинг тиббиёт муассасалари фаолиятининг самарадорлиги юзасидан ахбороти ҳам қизғин муҳокама этилди.
Таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан тиббий хизмат тизими аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қайта ташкил этилмоқда. Шу сабабли оилавий поликлиника ва ҚВПларга аҳолининг профилактика мақсадидаги қатнови йил давомида 34 фоиздан 42 фоизга ошган. Тез тиббий ёрдамнинг чақирув манзилига кечикиб бориши 60 фоизга камайган. Бу бригадани молиявий таъминлаш 2 бараварга, дори воситаси билан таъминлаш эса 2,5 бараварга кўпайтирилган.
Бир қатор мураккаб операция ва муолажалар бевосита вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларида амалга оширилмоқда.
Депутат З.Бердиева: – Скрининг маркази фаолиятида ўзгариш сезилмаяпти. Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида қишлоғимизда 10 нафар бола хасталик билан туғилди.
А.Жўраев: – Мана шу масалада бизга депутатларнинг, ҳукуматнинг ёрдами зарур. Биздаги скрининг маркази туғма хасталикларни тўла аниқлашга мослаштирилмаган. Бундай ускуна жуда қиммат туради ва у бизда йўқ. Туғма хасталикларнинг асосий сабаби қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва ҳомиладор аёл томонидан ўз саломатлигига бефарқ қараш туфайлидир. Аҳоли ўртасида бу борада тарғибот ишларини кучайтириш зарур.
Депутат Ф.Тошев: – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан вилоятдаги бир қатор ихтисослашган тиббиёт муассасаларига пойтахтдан малакали мутахассислар раҳбар этиб тайинланди. Уларнинг асосий вазифаси ўз йўналишида вилоятимизда тажриба мактаби яратишдир. Уларнинг фаолияти натижасидан жамоатчиликни хабардор этиб туриш лозим.
Т.Жўраев, вилоят ҳокими: – Тиббиёт институтимиз бўлатуриб, вилоятда айрим тор соҳа мутахассисларининг етишмаслиги яхши эмас. Бошқарма Қонунчилик палатаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига тиббиёт институтларида олти йил давомида мутахассислик дипломини бериш тизими юзасидан таклиф бериши зарур. Олти йил ўқигандан кейин ҳам аниқ умумий профилдаги врач дипломи берилмаслиги кўп жойда мутахассислар етишмаслигига сабаб бўлаётир.
С.Отамуродов: – Мен депутатларнинг масалага бефарқ эмаслигидан хурсанд бўлдим. Шу ўринда пойтахтдан амалий ёрдам учун ташриф буюраётган шифокорлар фаолиятига тўхталмоқчиман. Давлатимиз раҳбари улар олдига олис қишлоқларга бориш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш, аниқланган беморни ўша жойда, агар зарур бўлса, Тошкентга олиб бориб, даволаш вазифасини қўйган. Бу ишни туман марказидагина ўтказиш маъқул эмас. Депутатлар, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш бошқармаси бу ҳолатни назорат қилиши керак.
Депутат Ҳ.Нормуродов: – Соҳага давлат томонидан жуда катта маблағ ажратиляпти. Аммо тиббий хизмат сифатида шифокорнинг ўрни катта. Биз, депутатлар, жамоатчилик улар фаолиятини назорат қилиш, масъулиятини кучайтириш баробарида маҳаллаларда тиббий маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшишимиз лозим. Токи ҳар бир фуқаро ўз саломатлиги учун ҳаракат қилсин.
Маҳмуд Бобоёров, "Маҳалла" жамоат фонди вилоят бўлими раиси, депутат: – Маҳалла фаолларининг тиббиёт муассасалари фаолиятини назорат қилиши механизми яратилди. Уларнинг ҳисоботлари энди мунтазам эшитилади. Ўтган йиғилишларда битта ҚВП раҳбари фаолияти қониқарсиз деб топилди.
Шундан сўнг депутатлар Президент Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида Сенат Кенгаши томонидан "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида"ги Қарорини муҳокама қилдилар.
Таъкидландики, фаол депутатларни рағбатлантириб бориш аввало, улар фаолиятини мониторинг қилиш, илғор тажрибани оммалаштириш ва бошқаларнинг ҳам ўз вазифасига масъулият билан қарашига имконият яратади. Депутатлар вилоят Кенгашида "Адолатли депутат", "Халқпарвар депутат", "Меҳнаткаш депутат" ҳамда "Фахрий депутат" мақомлари таъсис этилиши юзасидан қарор қабул қилдилар.
Бундай мақомларга номзодларни ўрганиб чиқиш, тегишли хулоса бериш, маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссия таркиби ва низоми тасдиқланди. Шаҳар ва туман кенгашларига ҳам мазкур мақомларни таъсис этиш тавсия қилинди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.