Ёнғиндан огоҳлик - хавфсиз ҳаёт гарови
Куз-қиш мавсуми бошланиши билан уйларда иситиш мосламалари ишга тушади, электр жиҳозлари кўпроқ қўлланилади, табиий газдан фойдаланиш меъёридан ошади.
Бир қараганда оддий кўринган бу ҳолатлар бежиз мутахассисларни ташвишга солмайди. Чунки ҳар йили ана шу мавсумда эҳтиётсизлик oqибатида юз берган кўплаб ёнғинлар ва бахтсиз ҳодисалар инсон ҳаётига жиддий зарар етказмоқда.
Шу йил 1–30 декабрь кунлари юртимизда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда. Айни кунларда вилоятдаги маҳаллалар, уй-жойлар, корхоналарда профилактика ишлари янада кучайтирилиб, аҳолининг огоҳлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йил қиш кечаси бир хонадонда иситиш печи ёниқ ҳолда, дудбурон тозаланмагани учун ис гази хонага тарқалган. Бу беэътиборлик оқибатида икки болали оила оғир ҳолатда шифохонага ётқизилган. Яхшиямки, қўшни хонадон эгаси вақтида тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар ходимларига мурожаат қилган. Акс ҳолда нима бўлиши сизга аён.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мисол учун, хонадон соҳибининг газ плитаси учун ўзи “импровизация” қилиб улаган резина шланг ёрилиб кетгани туфайли газ хонага сизиб чиқади. Аёл киши эрталаб печкада олов ёқмоқчи бўлади ва портлаш содир бўлади. Хайриятки, ўша уйда жиддий жабрланувчилар бўлмади, аммо уйнинг ярми вайрон бўлгани ҳаммамиз учун огоҳликка чақирувдир.
Шунингдек, қишда электр иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ҳам кўп ҳолларда ёнғинга сабаб бўлади. Бир маҳаллада ёлғиз яшайдиган киши электр иситкичини токка улаб, унинг ёниши учун мўлжалланмаган нарсаларни қўйган. Иситкич қизиб кетиб, ёнғин чиққан. Атрофдагиларнинг ёрдами билан олов катта ҳудудга тарқалишининг олди олинган, лекин у кишининг уй-жойи зарарланган, ўзи жароҳат олиб ногирон бўлиб қолган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳодисаларнинг умумий сабаби — аҳоли орасида газ ва электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик, профилактика ишларини ўз вақтида амалга оширмаслик, энг муҳими, “менинг уйимда бундай бўлмайди”, деган ишончдир.
“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида айнан шундай ҳолатларнинг олдини олиш, одамларни ҳаётий мисоллар орқали огоҳлантириш, ҳар бир хонадонда хавфсизлик маданиятини мустаҳкамлаш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Маҳалла-кўчаларда хонадонлараро тушунтириш ишлари, иситиш ускуналарини текшириш, фуқароларга махсус қўлланмалар тарқатиш, мактаб ва боғчаларда болалар учун огоҳлик дарслари ўтказилмоқда.
Қиш мавсумида ҳар биримиздан масъулият талаб қилинади. Электр ускунаси ишлаётган бўлса, уни қаровсиз қолдирманг. Газ ускуналарини мутахассиссиз ўрнатманг. Печ ёнишини назоратсиз қолдирманг. Бир лаҳзалик беэътиборлик бутун бир уйнинг, ҳатто оиланинг тақдирига дахл қилиши мумкин.
Зеро, ёнғиндан огоҳлик — хавфсиз ҳаёт гарови. “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”да фаол иштирок этиш, қоидаларга амал қилиш нафақат ўз уйингизни, балки атрофдагиларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш демакдир.
Х.Зоирова,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази катта ўқитувчиси.