Ёшлар ўртасидаги жиноятлар ортган, бунга сабаб нима?

Вилоятимизда жорий йилнинг биринчи ярмида ёшлар ўртасида 494 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 9,1 фоизга ошган.
Самарқанд шаҳрида 101 та, Паст Дарғомда 71 та, Ургутда 45 та, Пайариқда 32 та, Каттақўрғон туманида 30 та, Нарпайда 27 та, Иштихонда 26 та, Нуробод, Оқдарё ҳамда Тойлоқда 23 тадан жиноят содир этилганлиги сабабли, ушбу ҳудудлар криминоген ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Содир этилаётган жиноятларнинг сабаблари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида айрим маҳаллаларда бўлдик.
Паст Дарғом тумани Қатортерак маҳалласида йилнинг ўтган даври мобайнида 10 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 4 таси ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликдир.
Бунга бир неча сабаблар бор, - дейди маҳалла раиси Отабек Рустамов. - Маҳалламизда буюм бозори, деҳқон бозори ва тахта бозори жойлашган. Айниқса, уларнинг ўртасида “Афғон бозори” номи билан аталувчи, тадбиркорлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган жой бор эди. Апрель ойида унинг фаолияти тўхтатилди. Бозор ҳудуди ва кўчаларга жами 120 та камера ўрнатилди. Май ойидан бошлаб маҳаллада биронта жиноят содир этилмади.
- Ҳудудимизда йил бошидан бери ёшлар ўртасида 4 та жиноят содир қилинди, - дейди маҳалла ёшлар етакчиси Абдумалик Қувондиқов. – 2 таси ўғрилик, бири безорилик, бири йўл-транспорт ҳодисаси. Аммо бу ҳуқуқбузарликларда маҳалламиз ёшлари иштирок этмаган. Барчаси бошқа маҳалла фуқаролари томонидан содир этилган. Ана шундай кўнгилсизликларнинг такрорланмаслиги учун қўшни маҳалла ёшлари билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз. “Қалқон” гуруҳлари ташкил қилиниб, айниқса, тунда рейд тадбирлари ўтказиб келиняпти.
Маҳаллада содир этилаётган жиноятлар кўплиги сабабли ҳудуд “қизил” тоифада.
- Ўтган йилнинг 6 ойи давомида ҳудудда 12 та жиноят содир бўлган, - дейди маҳалла профилактика инспектори Сирожиддин Саидмуродов. – Жорий йилнинг ярмида эса 10 та ҳуқуқбузарлик содир этилиб, 2 тага камайди, аммо бу билан мақтанолмаймиз, албатта. Маҳалла “қизил” тоифада бўлгани учун ҳудудда ҳуқуқ-тартибот маскани ташкил этилди. Бу Қатортерак ва унинг атрофидаги Кичикнайман, Темурхўжа ҳамда Янгиобод маҳаллалари учун хизмат қилади. Яъни, ҳудудга бириктирилган ички ишлар органлари ходимлари, профилактика инспекторлари бирлашиб, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб боради.
Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида 4 та маҳалла мавжуд. Уларнинг бири - Баҳодир Ялангтўш маҳалласида 4 та жиноят ёшлар ўртасида содир этилган, деб топилган. Аслида эса вазият сал бошқачароқ экан. Масалан, бошқа ҳудудда бўлган жиноят шу маҳаллада содир этилган, деб рўйхатга киритилган.
- Содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти қўшни маҳаллалар ҳудудида бўлган, - дейди маҳалла раиси Акбар Нурмуродов. – Масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб бу жиноятлар Баҳодир Ялангтўш маҳалласида содир этилган, дея қоғозга туширилган. Тан олиш керак, маҳалламизда биргина жиноят содир этилган, у ҳам бўлса бошқа ҳудуд, яъни Оқдарё тумани фуқаролари иштирокида бўлган. Аслида массивимиздаги барча маҳалланинг ташвишини бизники эмас, деб айтолмаймиз, лекин кўпгина тушунмовчиликлар, масъулларнинг рўйхатга олишда қилган хатолари туфайли кимнингдир ўрнига бошқа биров жабрланяпти, зарар кўряпти. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдаям, соҳа масъуллари, қурилиш ташкилотлари вакиллари эътиборсизлик қиляпти. Бир маҳаллада қурилган кўп қаватли уйнинг манзили, бошқа бир маҳаллада жойлашган, деб кўрсатиляпти.
Тўрт маҳаллани ўз ичига олган янги шаҳарчанинг қай бир ҳудудига борманг, ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган ҳолатларга гувоҳ бўласиз. Масалан, 80-мактабга элтувчи айрим кўчаларда пиёдалар учун йўлаклар йўқ. Борлари ҳам яроқсиз, одамлар эмин-эркин юролмайди. Ички йўлларни қўя турайлик, шаҳарчанинг марказий кўчалари ҳам автомобиллар ҳаракатланиши учун ноқулай. Массивда яшовчи аҳоли кечки пайт дам олиш учун “Янги Ўзбекистон” боғига боради. Афсуски, боғда ўрнатилган чироқларнинг ҳеч бири ёритиш учун хизмат қилмаяпти. Қоронғу боғда, чироқсиз ва яроқсиз йўлларда ҳуқуқбузарлик содир этилмайди, деб ким кафолат бера олади?
- Маҳалламизда 300 дан зиёд видеокамера ўрнатилган, - дейди А.Нурмуродов. – Ҳудудимизда кўп қаватли уйлар сони кўплиги, аҳоли зич жойлашгани учун ҳам бу етарли эмас. Шунинг учун яна 55 та камера ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, қоронғу ҳудудларимизни ёритиш чоралари кўриляпти.
Гувоҳи бўлганингиздек, бир ҳудудда содир этилаётган жиноят биргина маҳаллага тегишли эмас. Бунда барча масъул ташкилотлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари виждонан, бир ёқадан бош чиқариб ишламас экан, ижобий натижага эришиб бўлмайди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Дилноза АҲМАДОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото+видео).