Ёшлар ойлиги доирасида 81 нафар йигит-қизга янги уйлар топширилади
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги ёшлар маркази биносида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган фестиваллар олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган мазкур фестивалларнинг бу йилгиси аввалгиларидан фарқ қилади, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев. - Фестивал дастурига “Мутолаа”, “Устоз” ҳамда “Ибрат фарзандлари” каби лойиҳаларнинг тақдимотига бағишланган тадбирлар киритилган. Шунингдек, Ёшлар ойлиги доирасида 81 нафар йигит-қизга янги уйлар топширилади.
Таъкидланишича, 26-июнь куни республикамизда илк бор ўтказилаётган “Бутунжаҳон ёшлар фестивали”га Самарқанд шаҳри мезбонлик қилади. Унда 150 та давлатдан ёшлар вакиллари иштирок этиши кутиляпти.
Шу йилдан бошлаб, фестиваль доирасида “Бизнес саёҳат” тадбири ҳам ташкил этиладиган бўлди. Унда тадбиркорликка қизиқувчи йигит-қизлар ҳар бир туманнинг энг фаол ёш тадбиркори фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида унинг хизмат кўрсатиш ёки ишлаб чиқариш корхонасига саёҳати уюштирилади.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).