Ёшларга интернетдан тўғри фойдаланишни ким, қачон ўргатади?

Интернет – катта бир бозор. Бу ердан харидор ўзига керакли барча нарсани топади. Ушбу глобал тармоқ орқали исталган фотосуратни, видеони, фильмни кўриш ёки унда ўзаро мулоқот қилиш, турли мавзуда фикр алмашиш мумкин.

Рости, дунёнинг исталган нуқтаси билан алоқа ўрнатиш, зарур ахборот ва маълумотларни олишда интернетнинг ўрни беқиёс. Аммо унинг ҳам зарарли, маънавий-ахлоқий меъёрларга жавоб бермайдиган салбий томонлари ҳам йўқ эмас. Бу ҳақда гап кетганда, интернетнинг аксарият фойдаланувчилари бўлган ёшлар кўз олдимизга келади.

Маълумотларга қараганда, интернет тармоғидан тўғри фойдаланмаслик оқибатида турли кўнгилсизликлар авж олмоқда. Хусусан, интернетда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб килувчи 9 мингдан зиёд сайтлар мавжуд бўлса, 49 фоизи компьютер ўйинлари, зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилади. Айни вақтда 40 фоиздан ортиқ болалар ва ўсмирлар онлайн тарзда тарқатиладиган порнография таъсирига бутунлай тобе бўлиб қолган. Халкаро экспертлар фикрича, дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларга мунтазам киради.

Хўш, бунинг сабаби нима?

Ўйлашимча, ёшларнинг интернетдан фойдаланиш борасидаги уқувсизлиги келажагини барбод қилмоқда. Масалан, мамлакатимизда интернет тизимидан фойдаланувчилар сони 12 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг аксариятини ўқувчи-ёшлар ташкил қилади. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги сайт ва каналларни кузатсангиз, 90 фоиздан ортиғи савиясиз ва беҳаёликни тарғиб қилади. Энг даҳшати, катта аудитория мана шу сайт ва каналларда жамланган. Шунинг учун ҳам уларда обуначи кўп.

Очиғи, бугунги кунда бундай порнографик маълумотлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, биргина “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали порнографик видео ва фототасвирлар шунчалик кўп тарқатилар эканки, бу 2,5 миллиард “Facebook” фойдаланувчиларининг ҳар бирига кунига 3 дақиқадан тўғри келади. Бу орқали турли ёт ғояларни ёшлар онгига сингдириш, ахборот хуружларини уюштириш ва жамиятда тартибсизликни келтириб чиқариш каби ғайриинсоний ишларни амалга ошириш мумкин.

Кейинги пайтда юртимизда ҳам ўқувчиларнинг мактабга телефон олиб бориши, ижтимоий тармоқларда турли видео ва суратларни тарқатиши, осон пул топиш мақсадида букмекерлик ўйинлар домига илиниб, ёт ғояларга алданиб қолаётгани кўп учраяпти. Чунки, мактабларда интернетдан тўғри фойдаланиш, унинг имкониятлари, ахборот хуружлари, у орқали кириб келадиган вайронкор ғоялар ҳамда турли таҳдидлар ҳақида ёшларга маълумот берувчи махсус фан ўтилмайди.

Масалан, Жанубий Кореяда барча фуқаролар учун ахборот технологиялари бепул ўқитилади. Шунинг учун ҳам улар интернетдаги турли ахборотларни дарров саралаб олади ва ахборот хуружларидан ҳимояланади. Асосийси, кундалик ҳаётидаги барча ишларни электрон тарзда амалга оширади.

Айтмоқчи бўлганим, ахборот технологиялари мактабдан бошлаб ўқитилса, нафақат ёшлар, балки ёши катталар  ҳам ижтимоий тармоқлардан тўғри, унумли фойдаланиш ва турли ахборот хуружларидан ҳимояланишни ўрганиб олармиди? Балки Жанубий Корея тажрибасини қўллармиз.

Бунга таълим соҳаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари нима дейди? Сиз-чи?

Фазлиддин Рўзибоев.