“Юксалиш” ҳаракати Самарқанд ҳокимлигига ЮНЕСКОнинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ишларини бошламаслигини айтди
Шу кунларда интернет тармоғида Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди, деб ёзмоқда ЎзА.
“Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати мазкур масалага ўз муносабатини билдирди. Тарқалган хабарларга кўра, шаҳарнинг тарихий марказида барпо этилаётган кўпқаватли янги бинолар маданий қийматга эга тарихий обидаларга зарар етказаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари масалани яқиндан ўрганиш мақсадида 28 июнь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган ҳудудда вилоят ҳокимлиги вакиллари билан учрашув ташкил этилиб, режалаштирилаётган бино лойиҳалари кўздан кечирилди.
Жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси арафасида тайёрланган ҳисоботида кўрсатилган тарихий объектлар, жумладан шаҳарнинг тарихий қисмига туташ ҳудудлар — Намозгоҳ жоме масжиди атрофи, Ибн Сино кўчаси бўйлаб бинолар, “Registon Plaza” меҳмонхонаси, “Афросиёб” меҳмонхонаси каби қатор бино ва ҳудудлар бориб кўрилди.
Маълум бўлишича, бугунги кунда ушбу объектларда ҳеч қандай қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланмаган. Шундай бўлса-да шаҳар ҳокимияти томонидан ушбу ҳудудларда ҳақиқатдан ҳам кўпқаватли янги бинолар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, учрашувда ҳокимлик ЮНЕСКОнинг тегишли хулосасини олмасдан қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошламаслиги айтиб ўтилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари вазиятни ўрганиш жараёнида бу каби тушунмовчилик масъулларнинг режалаштирилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида тўлиқ маълумотларни ЮНЕСКОга ўз вақтида тақдим этмаганликлари фонида юзага келган, деб ҳисоблайди. Шунингдек, ушбу масала жорий йилнинг 30 июнь – 10 июль кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси давомида барча томонлар иштирокида муҳокама қилиниб, умумий ечим ишлаб чиқилишига умид билдиради.