ЮНЕСКОнинг Самарқандда ўтадиган 43-сессиясида беш мингдан ортиқ меҳмон келади

Жорий йил октябрь ойининг сўнгги кунларидан ноябрь ойининг биринчи ярмига қадар Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилади.

Сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилиши белгиланган бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 мартдаги қарорига кўра, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ташкилий қўмита томонидан сессия билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Сессия иштирокчиларининг келиши ва кетиши, уларга виза расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизматлар кўрсатиш, асосий тадбирлар ва маданий дастурларда қатнашишлари масалалари ЮНЕСКО билан келишган ҳолда ҳал қилинмоқда.

Шу йилнинг 12 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Францияга давлат ташрифи доирасида ЮНЕСКО бош директори Одри Азулени қабул қилиб, ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилганди.

Сессия ва асосий тадбирлар “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида ўтказилади.

Маълумотларга кўра, 43-сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 мингдан ортиқ иштирокчи келиши кутилмоқда. Биргина ЮНЕСКО котибиятидан 400 нафар ходим келади. Шунингдек, давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, вазирлар ва элчилар Самарқандда жам бўлади. Ҳозирча уч давлат раҳбари, жумладан, Қозоғистон Президенти сессияда иштирок этиш истагини билдирган.

Нуфузли делегациялар, тадбир иштирокчиларини жойлаштириш учун “Silk Road Samarkand” мажмуасидаги 8 меҳмонхонада 1176 та, Самарқанд шаҳридаги 130 та меҳмонхонада 4178 та хона ажратилиб, форум кунлари учун банд қилиб қўйилган.

Сессия доирасида ЮНЕСКОнинг Ёшлар форуми, миллий комиссиялар йиғилиши, илк бор Беруний номидаги Ўзбекистон-ЮНЕСКО мукофотини топшириш маросими, музейларда сунъий интеллектнинг ўрни бўйича халқаро конференция ўтказилади.

Бундан ташқари, Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, музейлар, маданият масканларида халқаро кўргазмалар, янги экспозициялар намойиши, жаҳон юлдузлари иштирокида концерт дастурлари, умуман, 150 дан ортиқ тадбир режалаштирилган.

43-сессия ва бошқа тадбирларни ёритиш учун Самарқандга келадиган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказиш ва уларга зарур шарт-шароит яратиш борасида ҳам чоралар кўрилмоқда. “Silk Road Samarkand” мажмуаси ҳудудида матбуот маркази ташкил этилади.