Юрак-қон томир касалликларига учрамаслик учун нима қлиш керак?

Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиали директори Хушнуд Низомовнинг маълумот ва тавсияларига қулоқ тутамиз.
- Бугунги кунда, бутун дунё аҳолиси орасида ўлим кўрсаткичининг ўсишига сабаб бўлган касалликлар инфаркт ва инсульт ташхиси билан асосланган хасталиклар ҳисобланади, - дейди Х.Низомов. - Афсуски, юртимиз аҳолиси орасида юрак-қон томир касалликлари оқибатида юзага келган ўлим кўрсаткичларининг фоизи анча юқори ўринларни эгаллаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, юрак қон-томир касалликларидан ҳар йили 18 миллионга яқин одам вафот этмоқда ва Марказий Осиё мазкур касалликлар энг кўп учрайдиган минтақалар қаторига киради.
Халқимизда “Касалликни даволашдан кўра, олдини олган афзалроқ”, деган гап бор, лекин бунга баъзида амал қилмаймиз. Айнан юрак-қон томир касалликларини олдини олишда ушбу сўзларга кўпроқ урғу берсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Барчамизга маълумки, юрак-қон томир касалликларини даволаш бирмунча мураккаблиги ва даво муолажаларининг харажатлари ҳам сезиларли даражада қимматлиги билан ажралиб туради. Аммо юқорида айтганимиздек, астойдил ҳаракат қилиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшасак, ўзимизни ушбу хасталиклардан деярли асраган бўламиз.
Юрак-қон томир тизими касалликлари кўпроқ жисмоний ҳаракати кам, нотўғри овқатланадиган (фаст-фудлар, ўта ёғли, қовурилган, холестеринга бой таомлар, ширинликлар, газли ичимликларни меъёридан кўп истеъмол қилувчилар), спиртли ичимликларга ва тамаки маҳсулотлари истеъмолига ружу қўйган, меъёридан ортиқ ва кам ухловчи кишиларда ҳамда руҳий зўриқиш ҳолатларида юзага келади.
Шу сабабли яқин қариндошлари орасида инфаркт ва юрак-ишемик касалликлари, гипертония ва гипотония касалликлари билан оғриган кишилардан ўз соғлиқларига эътиборли бўлишларини ва ушбу хасталикларнинг олдини олишда соғлом турмуш тарзига амал қилишларини сўраймиз.
Энди юрак-қон томир касалликларининг асосий белгилари ва шифокорга мурожаат қилиш шарт бўлган ҳолатлар ҳақида тўхталсак:
- агарда жисмоний ва руҳий зўриқиш вақтида кўкрак қафаси соҳасида оғриқ, ачишиш, куйишиш, санчиш каби шикоятлар юзага келса ва тинч ҳолатда ёки дам олгандан сўнг ўтиб кетса, ушбу нохуш ҳолатлар тез-тез қайталанса;
- тез-тез бош оғриши, асабийлашиш, уйқусизлик каби ҳолатлар кузатилса;
- қон босими тез-тез ошиб турса;
- юракнинг тез-тез нотекис уриши ёки суст уриши кузатилса...
Бундай ҳолатларда кечиктирмасдан кардиолог шифокорга мурожаат қилинг ва тегишли текширувлардан ўтинг (электрокардиограмма ва қон таҳлилларини топшириш) ва юрак-қон томир касалликларига мойиллик аниқланганда, ўз вақтида авж олишини олдини олишга харажатсиз ҳаракатлар билан эришган бўласиз.
Юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларда қандай турмуш тарзини йўлга қўйиш керак, деган савол туғилиши табиий.
Юрак-қон томир касалликларига чалинган беморлар соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши, тоза ҳавода сайр қилиши, кўпроқ пиёда юриши, тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмолини чеклаши, парҳезга риоя этиши, овқат рационидан ёғли овқатларни камайтириши, енгил ҳазм бўлувчи (мева ва сабзавотларни), витаминларга бой таомларни истеъмол қилиши ва шифокор тавсияларига амал қилишлари керак бўлади.
Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун аҳолидан имкони борича қуйидаги тавсияларга амал қилишларини сўраймиз:
- соғлиғингизга эътиборли бўлинг;
- спорт билан мунтазам шуғулланинг;
- соғлом овқатланиш тартибига амал қилинг ва ортиқча вазндан сақланинг;
- жисмоний меҳнат ва дам олишни меъёрида олиб боринг;
- зарарли одатлардан воз кечинг;
- эрта тонгда ва кечки овқатланишдан сўнг камида ярим соат ёки 5 минг қадам пиёда юришни одат қилинг;
- профилактик тиббий кўриклардан мунтазам ўтиб туринг ва касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга мурожаат қилинг.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиали матбуот хизмати.