Юракни ўйнатувчи нархлар
Самарқандга келган меҳмонлар бу ердаги ўртача бир меҳмонхонада яшаб, жуда яхши шароитларга эга бўлганини, хизмат кўрсатилишидан кўнгли тўлганини айтиб қолишди. Қизиқиб, меҳмонхона нархини сўрадим. Улар кунига 200 минг сўм экан, нархи ҳайрон қолдирди, шароити жуда яхши эди, нонуштаси ҳам ажойиб экан, деб такрор-такрор айтишди. Шаҳримизда меҳмонхоналар тармоғи яхши ривожланганидан хабарим бор, аммо уларнинг нархи билан унчалик қизиқиб кўрмаган эканман.
Лекин гап бугун меҳмонларга хизмат кўрсатаётган меҳмонхоналар ҳақида эмас. Бу нархни эшитгач, нега биздаги шифохоналарнинг ҳам нархи шундай, деган савол билан қизиқа бошладим. Хусусий тиббий клиникаларнику, қўяверинг, лекин ихтисослашган тиббий марказлар, етакчи шифохоналарда ётиб даволаниш нархлари ниманинг ҳисобига бунчалик қиммат экан?
- Яқинда вилоят кардиология шифохонасида даволаниб чиқдим, - дейди Самарқанд шаҳрилик Роҳат Шокирова. – Даволаниш, жой, овқатланиш билан ўн кунга олти миллион сўмга яқин маблағ тўладим. Баъзи текширувлар учун алоҳида тўлов бор яна.
Демак, кунига ушбу шифохонада даволаниб чиқиш ўртача 600 минг сўмдан тушмоқда. Тўғри, юрак касалликларининг дори-дармонлари қиммат эканини биламиз. Лекин бу мураккаб бўлмаган, ўртача ҳолатдаги беморнинг даволаниши. Сал оғирроқ ҳолатдаги беморлар қанча тўлашини тасаввур қилаверинг.
Шу сабаб бўлдию бошқа шифохоналар нархлари билан ҳам қизиқиб кўрдик. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фақат жой ва овқатланиш бир кишига ўртача 170 мингдан бошланиб, 250 минг сўмгача экан. Дори-дармон учун алоҳида маблағ тўланади. Турли диагностик текширувларнинг бу ердаги нархларини кўпчилик яхши билса керак. Аммо шундай бўлишига қарамай, шифохона ҳар доим гавжум. Табиийки, одамлар саломатлигини тажрибали шифокорга ишонишни истайди. Аммо бугун оддий профилактик даволаниш ҳам 10 миллион сўмга тушаётгани “вақтида даволанинг, касалликни ўтказиб юборманг” деган тавсияга бироз тескари эмасмикан, деган хаёлга борасан-да.
Дарвоқе, вилоятда фаолият кўрсатаётган баъзи хусусий шифохоналар нархлари билан ҳам қизиқиб кўрдик. Эътиборли томони, уларнинг баъзиларида нархлар даволаниш, тўрт маҳал овқатланиш ва жуда яхши шароитлари билан ўн кун учун 4 миллион сўм атрофида. Вилоятимиздаги энг қиммат саналадиган баъзи хусусий клиникалардагина бир кунлик жой ҳақи 520 минг сўм (бу нархнинг ичига тўрт маҳал овқатланиш, ванна сочиқлари, кийим-кечак, гигена воситалари киради).
Дарвоқе, биз нархларни солиштираётганда бир хил йўналишда фаолият олиб бораётган клиникаларни танлашга ҳаракат қилдик.
Тўғри, шаҳар аҳолиси ўз шифохонасида, туманларда ҳам шундай тиббиёт бирлашмалари қошида фаолият кўрсатувчи марказий шифохоналарда ўша ҳудуд аҳолиси бепул жой ва хизмат билан таъминланган ҳолда даволаниш имконига эга.
Энг ёмони, қайси тиббиёт муассасасига борманг, одам кўп, демакки бемор ҳам.
Гулруҳ МЎМИНОВА.