Юридик техникум ўқувчилари хорижий ОТМларда 2-босқичдан таълим олишлари мумкин

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва блогерлар учун бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Юридик техникумлар учун бир қатор имтиёзлар ҳамда халқаро рейтингни аниқлаш (KPI) тизими жорий этилди, - деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Самарқанд юридик техникуми директори Отабек Тошниёзов. - 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб техникум битирувчилари якка тартибдаги суҳбат асосида Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университетининг юристпруденция йўналишларига 2-босқичдан қабул қилинади. Бундан ташқари, техникум ўқувчиларига ТДЮУнинг Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Хитой давлатлари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари асосида ҳам 2-босқичдан таълим олиш имконияти яратилган.

Юридик техникумда таълим тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, дарс ишланмалари, онлайн тақдимотлар, анимацион дарслар, видеоинструкторлар каби контентлар электрон платформаларга жойлаштирилган.

Техникум ўқувчилари учун чет тилларни ўрганиш, ўз касбининг етук мутахассислари бўлиб етишишлари учун дарс жараёнидан ташқари вақтларида IELTS, рус тили машғулотлари, мутахассислик фанлари бўйича тўгараклар ташкил этилган.

Самарқанд вилояти юридик техникумида ўқувчилар 3 та мутахассислик бўйича давлат ҳуқуқий фаолият, суд ҳуқуқий фаолият, юридик хизмат йўналишларида таълим олади. Янги ўқув йилидан бошлаб техникумда таълимнинг кредит-модул тизими жорий қилинган.

Юридик техникумга талабгорлар Давлат тест маркази томонидан саралаб олинади. Талабалар давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олади.

Хуршида Эрназарова.