Юртдаги фаровонлик илм-фанга боғлиқ

Тарихда илм аҳли юксак қадрланган, фан равнақига катта эътибор қаратилган даврларда мамлакатнинг изчил тараққиёти, мўътадил ривожланиш кузатилганлигини барчамиз яхши биламиз.

Бугун мамлакатимизда илм-фан соҳасини тубдан ислоҳ қилишдан мақсад ҳам шу – тараққиёт ва фаровонликка эришиш. Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам бозорларимизнинг тўкин-сочинлиги фақат қора меҳнат эвазигагина бўлмаслиги лозимлигини айтиб, агар бундан буён илм-фанни ривожлантирмасак, юртимиздаги бу тўкинликни сақлаб тура олмаслигимизни алоҳида таъкидлади. Илм-фан соҳаси дарғалари олдига бир қанча муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, аввало, нималарни ва эришилган қайси ютуқларни эътироф этиш мумкин?

Биринчи навбатда, Президент томонидан таълим ва фанни янгича шакл ва мазмунда ташкил қилиш, ривожлантириш масалалари давлат сиёсатининг энг устувор вазифасига олиб чиқилганлигини қайд этиш лозим.

Иккинчидан, ўтган қисқа вақт мобайнида таълим тизими ислоҳотлари доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, мамлакат бўйлаб болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси кескин ошди. Ўзини оқламаган касб-ҳунар таълими тизими ислоҳ этилиб, ўқиш муддати 3 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Ўрта умумтаълим мактабларида таълим муддатининг 9 йилдан 11 йилга ўзгартирилиши ҳам таълим тизимидаги ички узилишларга барҳам бериб, мамлакатимизнинг узоқ жойларидаги қишлоқларда юзага келган бир қатор қийинчиликларни бартараф этди. Мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, мураббийлари, ўрта умумтаълим мактаблари ўқитувчи-ходимлари ва олий таълим муасасалари профессор-ўқитувчиларининг ойлик маошлари сезиларли миқдорда оширилди, уларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузи тикланиб, обрў-эътибори ортди.

Олий таълим тизимида ислоҳотларнинг бориши  ва амалга оширилган ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, барча университетлар ва институтларда қабул квоталари олдинги йиллардагидан икки маротабага оширилди, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олиш учун кечки ва сиртқи таълим тикланди, чет мамлакатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот муассасаларида янги авлод ўқитувчилари ва илмий ходимларини тайёрлаш тизими ишга тушди. Шунингдек, тажрибали ва юқори малакали хорижлик профессор-ўқитувчилар, мутахассислар мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ишлаш учун таклиф этиляпти. Олий таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотида жиддий ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, таълим тизимимизда, олий таълимга нисбатан мутлақо янгича муносабатлар шакллантириляпти.

Давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракати ва бевосита ташаббуси билан таълимга давлат сиёсати даражасида муносабатда бўлиш орқали бу соҳада йиллар давомида илдиз отган салбий жиҳатларнинг янада чуқурлашиб кетишининг олдини олиш имконияти яратилди. Муаммонинг чуқурлашуви шу даражада эдики, жамиятнинг энг асосий таркибий қисми бўлган таълим тизими бу инқирозларни жуда тезлик билан ўзига “сингдириб олган эди”. Оқибатда кишилар қандай бўлмасин олий таълим дипломини қўлга киритиш учун қонуний ва ноқонуний йўлларни излай бошладилар. Коррупция кучайди, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик иқтидорли кадрлар танловини издан чиқарди ва, бинобарин, бу ҳол олий таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнининг барқарор, мўътадил бўлишига жиддий салбий таъсир кўрсатди, таълим сифати бутунлай тушиб кетди. Натижада, аксарият ёшлар қўлларида олий таълим муассасаси дипломи бўлгани ҳолда на таълимда, на ишлаб чиқаришда ўзининг муносиб ўрнини топа олди.

Жанубий Африка Республикасидаги Стелленбосс университетининг кираверишига: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас… Таълимнинг барбод бўлиши – миллатнинг касодга учрашидир!” – деб бежиз ёзиб қўйилмаган. Чиндан ҳам, бугунги кунда жамият тараққиёти ва халқнинг фаровон турмуши, давлатнинг мустаҳкамлиги ва мустақиллигининг давомийлиги, дунё миқёсида тан олиниши инновацион билим ва илм-фаннинг барқарор ривожланишига боғлиқлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Шунинг учун ҳам таълим тизимидаги мутлақо янгича ёндашув – бу таълим тизимининг ҳам худди иқтисодиёт каби давлат монополиясидан чиқарилиши жараёнининг бошланишидир. Хусусий боғчалар ва мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, ўрта умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасаларининг очилиши давлат таълим муассасаларига муқобил рақобатчиликни юзага келтирди ва булар, ўз навбатида, таълим муассасаларининг кўпайишигагина эмас, таълимнинг сифатига ҳам катта ижобий таъсир этиши шубҳасиз.

Шу ўринда бир ҳолатга алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳимдир. Яъни, янги ташкил этилаётган олий таълим муассасаларининг аксарияти чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли равишда ташкил этилаётганлигидир. Бугунги кунда мамлакатимизда 116 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 21 таси чет давлатларнинг нуфузли университетлари ва институтлари билан ҳамкорликда мутлақо янги ўқув режалари ва дастурлар, шунингдек, 2+2 тизими асосида ташкил этилди. Бу бир томондан, ёшларимизнинг чет тилларни ўрганишларини янада тезлаштираётган бўлса, бошқа томондан, уларнинг замонавий инновацион билимларни чуқурроқ эгаллашларига ҳамда чет мамлакатларнинг таълим ва фан, ишлаб чиқариш корхоналарида бевосита амалиёт ўташларига кенг йўл очди. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ: чуқур таҳлиллар, қиёсий ўрганишлар, фалсафий мушоҳадалар асосида қарор қабул қилишлар орқали амалга ошмоқда, амалий ҳаракатларнинг маблағ билан таъминланиши масалалари ҳам осонликча ечилаётгани йўқ.

Тез суръатлар билан амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ри-вожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва унинг биринчи иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” муҳим ўрин тутади. Чунки мазкур фармон ва концепция мамлакатимиз олий таълим муассасалари олдига қўйилган бугунги кундаги долзарб вазифалардан ташқари, 2030 йилгача ва ундан кейинги истиқбол режа-дастур қабул қилинганлиги билан ҳам бетакрор ва тарихий ҳужжат бўлиб қолади. Ушбу тарихий ҳужжатларга таянган ҳолда 2030 йилгача мамлакатимизда мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига қамраб олиш даражасининг босқичма-босқич ошириш ҳамда 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, янги олий таълим муассасалари, мутахассисликлар, йўналишлар очиш, бу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш, мамлакатимиз олий таълим муассасаларини дунё рейтингининг 1000 талик рўйхатига киритиш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу жараёнда Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд Давлат университетини Ўзбекистон олий таълим муассасалари флагмани – яловбардорига айлантириш ва дунё университетлари рейтингининг 500 талигига киришига эришиш ҳам асосий мақсадлардан саналади.

 Чет эл инвестициялари асосида олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор каби кўплаб инновацион марказларнинг ташкил этилиши, уларнинг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш орқали автономияга қараб бориши академик мустақилликни таъминлашга олиб келади. 2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида мамлакатимиздаги 10 та олий таълим муассасасининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилаётганлиги таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича яна бир муҳим ва дадил қадам бўлади.

Мамлакатимиз олий таълим муассасалари ушбу фармон ва концепциядан келиб чиққан ҳолда 2030 йилгача ривожланиш дастури – “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқдилар. Албатта, бу йўл хариталарида, биринчи навбатда, олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ривожланган чет мамлакатларнинг олий таълим муасссалари даражасида тубдан янгилаш, ўқув режалари ва фан дастурларини амалиётга йўналтириш нуқтаи назардан шакллантириш, уларни янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, илмий-услубий адабиётлар билан таъминлаш, замонавий ахборот ва педагогик технологияларни ўзлаштирган янги авлод ўқитувчиларини тарбиялаш каби муҳим вазифалар қўйилди.

Мардон БОЛТАЕВ,

Самарқанд давлат университети илмий котиби, доцент.