Юз ёшдан ошганлар устама олади
Бу борадаги тартиб давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 мартдаги “2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнинг компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахслар учун уй-жой-комунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича қонунчиликда бериладиган имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари жорий этилган бўлиб, унга айрим ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 2022 йил 1 мартдан бошлаб компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тофадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиш олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъий назар тўлаб берилиши белгилаб қўйилди.
Мазкур фармон билан ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилди, бунда уларга ҳар ойлик компенсация тўлови – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида белгиланган.
Бундан ташқари, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланди.
Шу пайтгача пенсия олувчи фуқароларга 100 ёшга тўлганда пенсияга қўшимча тўлов белгиланган эди, ижтимоий нафақа олувчиларга эса қўшимча тўлов ушбу Фармон билан қўшиб берилиши белгиланди.
Масалан, 440 минг сўм ижтимоий нафақа олувчи (пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган ижтимоий нафақа олувчи шахслар) фуқаро 2022 йил 10 февралда 100 ёшни тўлдирди, унга 2022 йилнинг март ойидан 289 минг сўм (пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоиз) миқдорида қўшимча тўлов ҳам тўлана бошланади.
Пенсионер ёки ижтимоий нафақа олувчилар ушбу масалада Пенсия жамғармасига келиб мурожаат этишлари ёки ариза беришлари шарт эмас. Бу пенсия жамғармаси бўлими томонидан уларнинг мурожаатларисиз амалга оширилади.
Бугунги кунда вилоятимизда 51 нафар 100 ёшга кирган отахуон-у онахонлар мавжуд бўлиб, уларнинг пенсия олувчиларига қўшимча тўлов тўлаб келинмоқда. Ижтимоий нафақа олувчиларга ҳам 2022 йилнинг 1 мартидан бошлаб қўшимча тўлов жорий этилади ва март ойида тўлаб берилиши таъминланади.
Абдурашид Раҳимов,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи.