Замонавий чиқинди полигони қачон ишга тушади?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Франция Тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндилар бошқарувини модернизация қилиш” лойиҳаси кенг жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилинди.
Тадбирда намойиш этилган Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш лойиҳаси ҳақида тақдимотда лойиҳанинг мақсади, режалари амалга оширишнинг келгусидаги босқичлари ҳақида маълумотлар берилди.
Мазкур лойиҳанинг қиймати 37,167 миллион евро бўлиб, 2018 йил август ойидан бошлаб амалга ошириш бошланган.
- Франция Тараққиёт агентлиги билан келишилган ҳолда (Совид- 2019) пандемия даврларини инобатга олиб, лойиҳанинг амалга ошириш муддатлари бир неча марта ўзгартирилди, - дейди лойиҳани амалга ошириш гуруҳи директори Нурбек Саидов. - Ҳамкорларимиз билан ўзаро келишувга асосан лойиҳани бажариш 2021 йил 28 июндан 2024 йил 30 июнга қадар узайтирилди. Ўтган йили агентлик томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари кўриб чиқилиб, 2 босқичли халқаро тендер жараёнига рухсат берилган эди. Айни пайтда тендер якунланиб, сентябр ойидан қурилиш бошланиши кутилмоқда.
Модернизация ишларига Франция Тараққиёт агентлигининг 23,53 миллион евро, Европа Иттифоқининг 8 миллион евролик гранти ҳамда бошқа ҳамкорларнинг 8,6 миллион евролик кредит маблағлари сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозиргача 10,568 миллион евро миқдорида маблағ ўзлаштирилган. Жумладан, 80 та махсус техника келтирилди. Шунингдек, Хишрав массиви ҳудудидаги чиқинди полигон учун 5 та йиғувчи, ортувчи ва тозаловчи махсус техникалар харид қилинди.
Тадбирда корхона мутасаддилари жамоатчиликка полигон ва саралаш комплекси учун яна ўнга яқин махсус техникаларнинг хариди кечикаётганлиги, Самарқанд шаҳрида 15 та чиқинди тўплаш шохобчаси учун ер ажратиш, марказий чиқиндихонада чиқиндиларни кўмиш (рекултивация) қилиш ишлари кечикиб бораётганига изоҳ берди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида қурилиши лозим бўлган маиший чиқиндиларни саралаш заводи ҳамда биогазни ёқилғига айлантириш тизими ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тез орада гео-информацион тизим яратиш ва ахборот тизимларини бошқариш учун дастурий таъминот яратиш ишлари бошланиши таъкидланди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.