"Запорожье" – Европадаги энг йирик атом электр станцияси биринчи марта электр тармоғидан бутунлай узилгани маълум қилинди
Кеча, 25 август куни "Запорожье" АЭС ўз тарихида биринчи марта электр тармоғидан бутунлай узилди. Бу ҳақда Украинанинг "Энергоатом" корхонасининг телеграм каналида хабар берилди.
Илгари Россия назоратида бўлган Херсон ва Запорожье области ҳукумати бир қанча йирик шаҳарларда электр таъминоти узилиши ҳақида эълон қилди. Хусусан, "Запорожье" АЭС жойлашган Мелитопол, Херсон, Нова Каховка ва Энергодарда узилишлар юз берди.
Энергодар шаҳрининг мэри Дмитрий Орловнинг айтишича, воқеа Россия томонидан ўққа тутилиши оқибатида содир бўлган. Кейинчалик у "Запорожье" АЭСнинг коммунал хизматчи ва ходимлари электр таъминотини тиклаш ишларини бошлаганини айтди.
Ўз навбатида, “РИА Новости” россияпараст маҳаллий ҳукумат органларига таяниб, “Украина қўшинлари томонидан ўққа тутилиши ва Энергодардаги ёнғинлар оқибатида тармоқдаги қисқа туташув туфайли электр таъминотида узилишлар содир бўлганини хабар қилмоқда.
"Запорожье" АЭС - Европадаги энг йирик атом электр станцияси, рус қўшинлари уни урушнинг бошида қўлга киритган эди. Август ойида станция бир неча марта ҳужумга учраган бўлиб, ўшанда ҳам можаро томонлари бир-бирини айблаган.
Аввалроқ Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) "Запорожье" АЭСида хавфсизлик протоколлари оммавий равишда бузилаётгани, Россия қўшинлари станцияни Украина зарбаларидан ҳимоя қилиш учун у ерда ҳарбий техника сақлаётгани ҳақида ёзган эди. Бироз вақт ўтгач, ушбу баёнотни тасдиқловчи видео ҳам пайдо бўлди.
АЭС атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви фонида G7 давлатлари Россияни станция устидан назоратни зудлик билан Украинага қайтаришга чақирди, бу чақириқни яна 35 давлат қўллаб-қувватлади.