@Zarafshonbot га мурожаат: Сел йўлига қурилган кўча
Таҳририятга Нуробод туманининг "Ағрон" маҳалласидан Холмурод Сориев мулоҳазаларини юборди. Айтилишича, янги қурилган йўл сел йўли устида бўлиб, тагидан сув ўтиб кетиши учун қувур ё бошқа иншоот қурилмаган. Битта сел келиши билан йўл ювилиб кетиш эҳтимоли бор.
“Сиз суратда кўриб турган бу йўл Нуробод тумани "Ағрон" МФЙ ҳудудидаги 55-умумтаълим мактабига олиб борадиган йўлнинг таъмирланган қисми (100 метрча бўлса керак). Ўтган йили сайлов арафасида бориш қулай бўлиши учун қурилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, бу ҳам йўл, ҳам кўприк вазифасини ўтайди. Сабаби, агар кўпроқ ёмғир ёғиб қолса айнан шу ердан сел келади, катта миқдордаги сув оқиб ўтади. Лекин кўприк бўлиши учун йўл ё осма бўлиши ёки йўлнинг остига сув оқиб ўтиши учун махсус сув ўтказгич ётқизилиши лозим.
Афсуски, бу ерда бундай ҳолатни учратмайсиз. Бирор кун агар кучли ёмғир ёғиб, сел келса, бу антиқа "йўл-кўприк"дан асар ҳам қолмайди. Демакки, йўл билан бирга миллионлаб бюджет маблағини ҳам сел “ювиб” кетади.
Кечаги ёмғир яна бир неча соат ёғганда, бу кўприкни кўрмас эдик! Сабаби, қишлоқ орқасидаги қирлардан оқиб келадиган сув асфальтга тўқнашиб, шу томонга оқади ва тўпланиб, катта оқимга айланади. Бундай оқимни ҳар йили кўрамиз.
Ҳолатни кўриб, "Бу "йўл-кўприк"ни мутахассис лойиҳалаштирганми ёки бу соҳани умуман тушунмайдиган кишими?", деб ўйлаб қоласан киши. Ушбу қурилишдаги бу ҳолат бўйича Нуробод тумани масъул раҳбарларидан тушунтириш беришини кутиб қоламиз”, дейилади мурожаатда.