Zarafshonbot’га мурожаат: Газ идораси нега “лицевой счет” бермаяпти?

Иштихон тумани Халқобод маҳалласидаги Бодой массивида яшайман. Икки сотихли намунали уйда истиқомат қиламан. Массивимиз газлаштирилган бўлса-да, мен сотиб олган уй табиий газ тармоғидан узилган экан. 2024 йил туман газ таъминоти идорасига мурожат килдим. Идора ходимлари газ ҳисоблагич сотиб олишимни ёки 3 миллион сўм беришимни айтишди.

 

Бу пулни беришдан кўра, газ ҳисоблагич харид қилиб ўрнатишни лозим топдим. “Райгаз”дагилар ҳисоблагични кўриб, “пломба”сини қўйиб, “Ишлатаверинг, ҳозир техник шарт ёки код қилиб беролмаймиз. Қишки мавсум ўтсин, берамиз”, дейишди. Ҳисоб рақамсиз ноқонуний ишлатсам, жаримага тортилишдан қўрқиб, шу пайтгача газдан фойдаланмадим.

 

Жорий йилнинг январ ойидан буён туман газ идорасига қатнайман. Кичик ходимидан тортиб, бошлиққача бир-неча бор мурожаат қилдим. Фойдаси йўқ.

 

Ўтган қишни ўтин, кўмир билан амаллаб ўтказдим. Лекин эшик қоқиб келаётган бу йилги қишни ҳам газсиз ўтказамизми?

 

Наҳотки, техник шартларни расмийлаштириб, шахсий ҳисоб-рақам очиш шунчалик қийин бўлса!?

 

Жамол ЭШҚУЛОВ.