“Зарур ваколатлар берилса, натижалар бундан ҳам яхши бўлади”: Маҳалла институти халқаро мутахассислар нигоҳида
Самарқандда “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги I халқаро конференция давом этмоқда.
Конференция дастурига мувофиқ, иштирокчилар “Марказий Осиё мамлакатларининг ўзини ўзи бошқариш органлари тажрибаси”, “Ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар, ёшлар ва болалар манфаатларининг таъминланиши” сингари шўъбаларга бўлинди. Уларда маҳалла институтининг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг оила мустаҳкамлиги, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, ёшларни муносиб тарбиялашдаги иштирокини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, илғор тажрибалар ўрганилмоқда.
— Фаолиятимизнинг асосий мақсади ҳар бир инсоннинг соғлом ҳаёт кечириш ва тенг имкониятларга эга бўлиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, - дейди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFRA) Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде. – Ўзбекистонда бу масъулиятли вазифани бажаришда маҳаллаларнинг ўз ўрни бор. Мазкур институт нафақат халқингизнинг ўзига хос қадрияти, балки жамиятингиз ривожига хизмат қиладиган кучли ижтимоий тузилма ҳам ҳисобланади. Агар унга зарур ваколатлар берилиб, фаолияти тўғри йўналтирилса, натижалар бундан ҳам яхши бўлади. Биз маҳаллалар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз.
— Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Хитойга борганида учрашган эдик, - дейди Хитойнинг Gansu Lanmei Vocational Skills Training School Co.,Ltd компанияси бош менежери Янг Жи Фан. – Компаниямиз аҳоли хонадонларига профессионал хизмат кўрсатиш билан шуғулланади ва мамлакатда бу йўналишнинг лидерларидан ҳисобланади. Юртингизда ҳам айни тажрибани йўлга қўйиш, фуқароларнинг яшаш тарзи ва шароитларини яхшилашга ҳисса қўшиш мақсадида таклиф қилинганимиздан хурсандмиз. Конференция ҳамкорлигимиз йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.