1 мартга қадар давлат органи ва ташкилотлари раҳбар-ходимлари ДХМ орқали электрон рақамли имзолар билан таъминланиши лозим
Қоғозбозликдан воз кечиб, барча ҳаракатлар ҳамда ҳужжатлар алмашинувини электрон тартибда амалга ошириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш - бу рақамли иқтисодиётнинг белгиларидан бири ҳисобланади.
Ривожланган давлатларда қоғозбозлик амалиётига чек қуйилганига бир неча йиллар бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрь куни “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши қоғозбозликка барҳам бериш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб 28 турдаги ҳужжатлар (маълумотнома) фуқаролардан талаб қилиниши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларнинг берилишига йўл қўйилмайди.
Бунга қадар фуқаролардан мазкур ҳужжатларнинг талаб қилиниши ҳар бир давлат идораси фаолиятида кузатилган ва фуқароларнинг давлат идорасига бориб, эрталабдан кечгача ишини битиролмасдан қолишига, бунинг оқибатида аҳолининг давлат идорасига бир неча маротаба қатнашига тўғри келган. Маъқул бўлмаган бу амалиёт фуқаронинг давлат идорасига ишончининг пасайишига хизмат қилган, холос.
Эндиликда бу хилдаги бюрократик тартибга батамом чек қўйилди.
Қарорнинг афзалликларидан яна бири бу маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг алоҳида функция ва ваколатларини тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилишидир. Яьни, илгари ҳокимлар ваколатида бўлган баъзи бир функциялар давлат органларининг туман (шаҳар) тузилмаларига ўтказилди.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларидан хос бўлмаган баъзи вазифа ва функциялар чиқариб ташланди.
2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши, ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилиши қатъий белгилаб қуйилди.
Бунинг учун барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ва раҳбарлари 2020 йил 1 мартга қадар туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали электрон рақамли имзолар билан таъминланиши лозим.
Ғайрат ЯКУБОВ,
Булунғур тумани адлия бўлими бошлиғи.