1 миллиард 120 миллион сўм давлат гранти маблағлари мақсадли йўналтирилган
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ННТ, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган давлат гранти ва давлат субсидияси маблағларини мақсадли ва самарали ишлатиш юзасидан вилоятда мониторинг ўтказилди.
Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ишчи гуруҳи ҳамда ОАВ вакиллари Оқдарё ва Пайариқ туманларида бўлди.
- 2021 йилда маҳалламизга “Келажак кутубхонаси” лойиҳаси асосида электрон ва бадиий кутубхона ташкил қилиш учун 30 миллион сўм грант маблағи ажратилган эди, - дейди Оқдарё тумани Примкент маҳалласи хотин-қизлар фаоли Мадина Бобожонова. – Маҳалла биносидан битта хона ажратилиб, кутубхона ташкил қилдик ва зарур жиҳозлар олинди. Жорий йилда кутубхона фаолиятини кенгайтириш ва лойиҳани давом эттириш мақсадида яна 50 миллион сўм грантни қўлга киритдик. Ушбу маблағга кутубхонага 1200 дан зиёд турли адабиётлар олдик ҳамда ўқувчиларга инглиз тили ва математика фанларини чуқурлаштириб ўқитиш мақсадида маҳалла марказидан ўқув курси ташкил қилдик. Курсга мактаб ўқитувчилари бириктирилган бўлиб, ижтимоий дафтарлардаги ёшлар бепул ўқитилмоқда.
- 2022 йилда Оқдарё туманидаги Ўзбекистон маҳалласи ва мактабларда ўтказилаётган табдирлариниг маънавий-маърифий ва тарбиявий аҳамиятини очиқловчи ҳамда тарғиб этувчи “Янги овоз” ёшлар мулътимедиа маркази ташкил этилган, - дейди ушбу лойиҳа муаллифи Фаёз Роббонаев. – Лойиҳа учун 50 миллион сўм давлат гранти ажратилган бўлиб, марказда барча шароитлар яратилган ва санъатга қизиқувчи ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтмоқда. Мазкур лойиҳани давом эттириш ва фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида видеостудия ҳам ташкил қилишни режалаштиряпмиз.
Ўрганиш давомида туманда жорий йилда “Фольклор жамоасини ташкил қилиш ва уни ривожлантириш” учун ажратилган 50 миллион сўм ҳамда Ўзбекистон Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси маҳалла аҳолисини китобхонликка жалб этиш мақсадида “Ёш китобхонлар амфитеатри”ни очиш, театр ҳузурида “Халқ кутубхонаси” номли электрон кутубхона фаолиятини ташкил этиш лойиҳаси учун ажратилган 31 миллион сўм грант маблағларидан мақсадли фойдаланилганлиги аниқланди.
Кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлимига 2436 нафар киши аъзо. Жамиятга 2021 йилда “Кўнгилларнинг гул тожи” китоби давлат гранти лойиҳаси учун 28 миллион сўм, 2022 йил “Зукко китобхон” номли лойиҳага 50 миллион сўм, 2023 йилда эса 179 миллион сўм ажратилган.
Кўзи ожизлар жамияти Пайариқ туман бўлим раиси Шавкат Алимовнинг таъкидлашича, 200 киши жамиятга аъзо бўлиб, 2021 йил жамиятга “Кўзгу” номли давлат гранти лойиҳаси учун 30 миллион сўм, 2023 йил устав фаолиятини бажариши учун эса 65 миллион сўм давлат субсидияси маблағлари молиялаштирилган.
Давлат гранти лойиҳалари доирасида жамият томонидан асосий воситалар сотиб олинган. Аммо устав фаолияти бўйича йиллик, чораклик иш режалар тасдиқланмаган, рўйхатга олиш, кириш-чиқиш хатлари тартибсиз юритилган. Шунингдек, жамиятга жорий йил учун 56 миллион сўм грант ажратилган бўлиб, ундан мақсадли фойланилган бўлса-да, қилинган мурожаатлар қайд қилинмаган.
Кейинги манзил туманнинг Янгиобод маҳалласида жорий йилда “Билим, касб-ҳунар, фаровон ҳаёт учун илк қадам” ишлаб чиқариш ўқув маркази ташкил этиш давлат гранти лойиҳаси бўлди. Лойиҳа қиймати 60 миллион сўм бўлиб, давомийлиги бир йил.
Маҳалламизда 5600 нафар аҳоли яшайди, - дейди Янгиобод маҳалласи раиси Раҳима Арзиқулова. – Ишсизларнинг асосий қисми аёллар бўлганлиги сабабли грант лойиҳа маблағлари ҳисобидан маҳаллада ишлаб чиқариш ва тикувчилик ўқув маркази ташкил қилдик. Ушбу маблағга 7 та тикув машинаси ва асосий воситалар сотиб олдик. Ҳозир марказда кийим-кечак ва ёстиқ-кўрпача жилдларини тикиш йўлга қўйилган бўлиб, 7 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Йил якунига қадар лойиҳа доирасида маҳалладаги 40 нафар хотин-қизлар тикувчиликка ўқитилади ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кўмаклашилади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ННТ, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда 1 миллиард 120 миллион сўм давлат гранти маблағлари ажратилган.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ томонидан ушбу маблағларни низом талаблари асосида мақсадли ва самарали йўналтирилгани аниқланиб, лойиҳалар давомийлигини сақлаб қолиш, хато ва камчиликларни вақтида бартараф этиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.