1 миллиард 25 миллион сўмлик ноқонуний маиший техника жиҳозлари қўлга олинди

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Чинор” блок постида ўтказилган тадбир давомида Фарғона вилояти Данғара туманида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.О. бошқариб келаётган автотранспорт воситаси тўхтатиб текширилганда, унинг ичида Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган Ш.Ш.га тегишли бўлган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 725 миллион сўмга яқин бўлган йирик миқдордаги контрафакт маиший техника жиҳозлари борлиги аниқланди. 

Шундан сўнг, фуқаро Ш.Ш. вақтинчалик рўйхатда турган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги хонадони кўздан кечирилганда яна 300 млн. сўмлик 1120 дона уяли алоқа воситаларини сақлаётганлиги маълум бўлди. 

Қонунбузарлар ва қўлга олинган товар моддий буюмлари белгиланган тартибда тегишли идораларга топширилди. 

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.