11 ёшида ҳам мактабга бормаган бола, қудуқдан топиб олинганлиги айтилаётган, паспорти йўқ она тақдири қандай кечади?

…Бу болакай Самарқанд шаҳридаги машина серқатнов кўчаларда  ҳайдовчиларга автомобиль баллонларини қорайтириб бериш хизматини таклиф этади ва хизмати эвазига 5 минг сўм олади. Улар бу болакайга деярли эътибор беришмайди. Таътил пайтлари ишлаб, пул топаётгандир-да, деган хаёлга боради, кўпчилик. Ваҳоланки, бу бола таътил нималигини билмайди, ўқиш-ёзишни ҳам.

Эътиборлироқ ҳайдовчилардан бири – Самарқанд шаҳрилик Фазлиддин Маъдиев бола нега бу иш билан шуғулланаётгани ҳақида қизиқиб қолади. Болакай оиласига моддий ёрдам кераклиги учун шу иш билан шуғулланаётгани, ўзи эса умуман мактабга бормаслигини айтган. Болакай нега бу аҳволга тушиб қолганини билиш, оиласидаги вазиятдан хабардор бўлиш мақсадида унинг уйига йўл олдик.

Самарқанд шаҳри Сиёбча маҳалласидаги кичикроқ ҳовлилардан бири. Ичкарига кирдик, бир қарашданоқ бу ердаги муҳит соғлом эмаслиги, муаммолари талайгина эканлигини ҳис қилдик.

Бизни кутиб олган, ўзини Оксана деб таништирган аёлдан болакай ҳақида сўраб-суриштирганимизда фақат у эмас, менинг ҳам фарзандим мактабга бормайди, деди. Хуллас, масала шунчалик чигаллашиб кетдики, бу оилада бир-икки эмас, ўттиз йиллик муаммолар бор экан.

Кўчада, машиналар баллонини қорайтириб берадиган 11 ёшли, шу пайтга қадар умуман мактабга бормаган боланинг исми – Амир Смолин (Бу оиладагилар ўзлари қўйиб олган исм-шариф, ҳеч жойда қайд этилмаган). Амир Смолин бундан 30 йиллар аввал Самарқанд шаҳрига келиб қолган аёл - Гулмира Азимованинг ўғли. Гап шундаки, Гулмира Азимованинг ушбу исм-фамилияси туғилганидан шундайми, ё йўқ, буни ўзи ҳам билмайди. Эҳтимол билар, аммо буни ҳозирча на судда, на бошқа идорада айтолган. Нега дейсизми? Бизга масаланинг шу томони жуда қизиқ ва хавотирли бўлди.

1976 йилда туғилган Гулмирани бундан 30 йил аввал темирйўл вокзалидан, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Вера Смолина (марҳума) топиб олади ва уни уйига олиб келиб, қарайди. (Бу Вера Смолинанинг қизи, Оксана Сиддиқованинг гаплари) Вера Смолина вафот этгунига қадар Гулмиранинг шахсини тасдиқлаш учун бир неча ташкилотларга мурожаат қилади, аммо бу мурожаатлари натижасиз қолади. Бугун Гулмира Вера Смолинанинг қизи - Оксана Сиддиқова билан бирга истиқомат қилади. Ўғли Амир ҳам.

- Мени онам, раҳматли Вера Смолина Гулмирани жуда оғир, калтакланган, зўрланган аҳволда 13 ёшида вокзалдан топиб олиб, уйга олиб келган, - дейди Оксана биз билан суҳбатда. – У бизнинг оилада, вокзалдаги Меҳнат маҳалласида катта бўлди. Онам ўлимидан олдин унга паспорт тўғрилаш учун ҳаракат қилди. Афсуски, у қаерда туғилганини эслай олмагани учун барча ташкилотлардан рад жавобини олдик. Шунинг учун ҳозиргача паспорти йўқ, 11 ёшли ўғлига ҳам туғилганлик гувоҳномасини тўғрилай олмадик.

Суд ҳужжатлари, Гулмира Азимованинг шахсини тасдиқлаш учун амалга оширилган ҳаракатлар натижаларининг қоғоздаги шакли билан танишарканмиз, негадир унда Гулмиранинг Қозоғистондан келиб қолганлиги ҳақида умуман ҳеч нарса дейилмаганига ҳайрон бўлдик.  

Гулмира Азимованинг туғилганлик фактини  белгилаш тўғрисидаги аризаси бўйича 2018 йил сентябрь ойида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ мажлисида бўлиб ўтган суд жараёнининг ҳал қилув қарорида қуйидаги фикрлар билдирилган: «Аниқланган ҳолатлар ва Самарқанд вилоят ФҲДЁ архиви томонидан берилган маълумотномага кўра,  1973-1979 йиллар текширилганда Азимова Гулмирани туғилганлигини тасдиқловчи далолатнома ёзуви мавжуд эмаслиги кўрсатилган». Яъни, судга кўрсатма берганда аёл ўзини Самарқандда туғилганман, деб таништирган. Бу ҳолатни бошқалар ҳам исботлаяпти.

-  Ҳақиқатан ҳам Вера Смолина Гулмиранинг фарзанди учун туғилганлик гувоҳномаси тўғрилаш учун бир неча марта бизга мурожаат қилган, - дейди Самарқанд шаҳридаги 3-сон ФҲДЁ бўлими мудири Инобат Бобоқулова. – Болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тўғрилаш учун онасининг паспорти лозим. Билсак, онасининг ҳатто туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам йўқ экан. Марҳума Вера Смолина бизга илк мурожаатда Гулмиранинг Самарқандда туғилганини таъкидлади. Қоида бўйича унинг шахсини тасдиқлатиш учун судга юбордик, аммо Самарқанд шаҳрида туғилмагани маълум бўлди. Гулмира билан деярли гаплаштирмаганди. Кейинроқ эса уни Қозоғистондан келиб қолганлиги, 13 ёшида топиб олганлигини айтди. Бу аёл нега ёлғон гапирган, бунинг ортида қандай мақсад яширинган эди? Аёлга бу масала бўйича ички ишларга мурожаат қилишини сўрадим. Сабаби, четдан келган бўлса сўров жўнатиш лозим бўлади. Шу билан Смолина бизга бошқа мурожаат қилмади.

Ростдан ҳам, нега 13 ёшидан бери уйида сақлаб келаётган аёлга 40 ёшидан кейин ҳужжат тўғрилашга ҳаракат қилиб қолдийкан аёл? Нима учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёлғон гапирди? Бунинг ортида нима бор? Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Меҳнат маҳалласига бордим.

Марҳума Вера Смолина, унинг қизи Оксана Сиддиқовани танийдиганлар билан суҳбатлашдим.

- Гулмира қозоқ қизи, деб гапирганларини эшитганман, ростдан ҳам у кичиклигидан Вера Смолинани уйида яшаб келди, аммо ҳозир Оксана билан кўчиб кетди, - деди шу маҳаллада истиқомат қилувчи аёллар. – Тўғриси, уларнинг ишини қилар, шуни эвазига қорнини тўйдириб юрган, шекилли. Оилада носоғлом муҳит бўлгани, ўша пайтлар кўп қизлар келиб-кетгани учун унга кўпчилик эътибор бермасди. Лекин Гулмирага зуғум ўтказилгани, уни мажбурликдан шу хонадонда сақлаганлари ҳақида гап бўлмаган. Ўзлари қандай ҳаёт кечирса, Гулмира ҳам шундай яшарди. Фақат Гулмиранинг ўғли туғилгач, улар унга ҳужжат тайёрлашга киришдилар. Афсуски, бунинг охирига етолмай Вера опа вафот этди. Анчадан бери бу маҳаллада яшамайди улар.

Хуллас, Гулмиранинг асл исми Гулмира эканлиги номаълум, унинг қаерда туғилганлиги ҳақидаги қайси фикрга ишонишни билмайсан. Бу оилада эса Гулмиранинг ўғли, 11 ёшли Амир, шунингдек, Оксана Сиддиқованинг 8 ёшли ўғли ҳам мактабга бормаётгани рост. «Мен буларни мактабга эмас, куни билан қарайдиган интернатлардан бировига жойлаштирмоқчиман ёки вақтинча меҳрибонлик уйига жойласам, дегандим. Лекин мутасаддилар бунинг учун болангдан воз кечасан, дейишяпти. Мен боладан воз кечмоқчи эмасман», дейди Оксана Сиддиқова. Тушунишимизча, Гулмиранинг бу уйда она сифатида овози йўқ. Қўлида ҳужжати бўлмагач, нима ҳам дея оларди.

 «Болалагимда номаълум шахслар мени уриб, қудуққа ташлаб кетишгани туфайли ўтмишимни эслолмайман. Фақат бувим қўлида тарбияланганим эсимда, ота-онамни билмайман», - дейди Гулмира биз билан суҳбатда. Шу важларининг Ички ишлар вазирлиги, халқ қабулхонаси ва бошқа қатор ташкилотларга ҳам билдирган. Аммо… натижа йўқ. Гулмира паспортсиз, Амир эса 11 ёшда бўлишига қарамай, ҳамон мактабга оёғи етмаган.

Болалар эса шу муҳитда катта бўляпти… Уларга гувоҳнома беришнинг наҳотки иложи бўлмаса? Гулмира-чи? Назаримда, унга нафақат ички ишлар тизими ёрдами, балки аёллар реабилитацияси марказлари кўмаги ҳам жуда керак! Умуман, на Меҳнат, на Сиёбча маҳалласи жиддий шуғулланган бу оила тегишли дафтарларга киритилмагани, уларга аниқ амалий ёрдам кўрсатилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Бирор кун бу оилада нохуш вазиятлар, жиноят содир бўлмаслигига ким кафолат беради?

Катталар-ку майли, энди шу муҳитга мослашиб қолди, ёшлар ойлиги давом этаётган шу кунларда бу каби болаларга ҳам эътибор бўлса, улар ҳам бошқа болалардай яшаса, деган умидимиз бор.

Гулруҳ Мўминова.