1373 та давлат харидларида қонунбузилиш аломатлари аниқланди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси вилоятдаги давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга риоя этилганлиги юзасидан мунтазам ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги давлат буюртмачилари томонидан бошланғич қиймати 160 314,4 миллион сўмлик 1373 та давлат харидларида қонунбузилиш аломатлари аниқланиб, давлат буюртмачиларига тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Жумладан, Пахтачи тумани 1-сон политехникуми томонидан жорий йилнинг июль ойида 69,6 миллион сўмлик ЛОТ билан танлов савдоси амалга оширилган. Аммо буюртмачи томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси бузилгани аниқланиб, харид комиссиясининг қурилиш моллари харид қилиш учун қабул қилган қарори ва тузилган шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Элёр Усмонов,
Рақобат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.