Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

17 давлатнинг 37 та олийгоҳи билан ҳамкорлик қилган университет

Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида бир неча кундан буён юртимизда бўлиб турган Индонизиянинг Жакарта вилояти олий таълим агентлиги вакили Иллаҳ Саилаҳ бошчилигидаги 32 кишилик делегация Самарқандда бўлди.

Меҳмонлар даставвал, "Ипак йўли" туризм халқаро университетида ўқувчилар учун яратилган шароитлар ва ўқув жараёнлари билан танишди. Делегация аъзолари олийгоҳнинг ўқитувчи ва ўқувчилари билан суҳбатлашиб, улар билан ўзаро фикр алмашди.

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятимиздаги мазкур олийгоҳ ва Индонизиянинг 14 та олий таълим муассасалари ўртасида меморандум имзоланди.

– Айни пайтда университетда 137 нафар талаба-ёшлар таҳсил олмоқда, – дейди "Ипак йўли" туризм халқаро университетининг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Баҳодир Тўраев. – Кейинги ўқув йилида бакалавриат босқичига 300 нафар ва магистратура босқичига 100 нафар ёшларни қабул қилишни режалаштирдик. Қолаверса, ўтган ўқув йилида 9 та йўналиш бўлган бўлса, бу йил уларнинг сони 5 тага кўпаяди. Бугун Индонизиядаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишимизга ҳам шу нарса сабаб бўлди. Энди муассасамизда таҳсил олаётган талабалар белгиланган талаблардан ўтса, 3 ва 4-босқичларни чет элдаги олий таълим муассасаларида давом эттириши мумкин. Талабалар учун бундай имконият 17 давлатнинг 37 та олий таълим муассасасида яратилди.

Тадбирдан сўнг концерт дастурлари намойиш этилди ва меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар ҳамда Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига саёҳат қилди.