IELTS сертификатини қўлга киритган ёшлар чет эллардаги нуфузли университетларда таълим олиши мумкин

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда «EDU-EXPO» МЧЖ компанияси ҳамкорлигида чет элда бориб ўқиш истагида бўлган ёшлар учун таълим кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда АҚШ, Хитой, Канада, Австралия, Малайзия, Буюк Британия, Германия каби 20 дан ортиқ давлатлар топ мингталикка кирган 26 та нуфузли университетлар йўналиш ва ихтисосликлари бўйича тақдимот ўтказди.

 – Бундай кўргазмаларни илмга чанқоқ йигит-қизларни чет элдаги нуфузли университетлардан хабардор қилиш ва у ерда ўқиш истагида бўлганларини тўғри йўналтириш мақсадида ташкил қиляпмиз, – дейди «EDU-EXPO» МЧЖ компанияси директори Азизбек Сафаров. – Кўргазмада қатнашган университетларда ўқиш истагида бўлган ёшлардан, албатта, инглиз тилини мукаммал билиш талаб қилинади. Ёшлар бевосита IELTS сертификатини ҳам қўлга киритган бўлишлари шарт. Шундагина улар нафақат чет элда ўқиш, балки қўшимча грантларга ҳам эга бўлади.

Тадбирда 2000 дан ёшлар иштирок этиб, ўзлари қизиққан олий ўқув юрти ҳақида маълумот олди.

– Тўғриси, бугунги кўргазма билан танишгач, олий таълимни чет элда давом эттиргим келди, – дейди Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежининг учинчи босқич ўқувчиси Санжар Тожидинов. – Айниқса, менга Малайзиянинг “Маҳса” университети жуда маъқул келди. Албатта, қизиқишларим сари интиламан ва ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши орқали шундай нуфузли муассасаларда таҳсил олишга ҳаракат қиламан.

«EDU-EXPO» МЧЖ компанияси хабарига кўра, Самарқандда бундай кўргазмани жорий йилнинг сентябрь ойида ҳам 50 дан ортиқ университет иштирокида ўтказиш режалаштирилган.