18 бош қорамолга 17 гектар сувли майдон ажратилган.Булунғурда ернинг ҳисоби йўқми?

Ҳозирда вилоятимизда 1 миллион 554,2 минг бош қорамол, 2 миллион 401,5 минг бош қўй-эчки, 12 миллион 245,9 минг бош  парранда боқилмоқда. Чорвадорнинг маҳсулдорлигини ошириш унинг наслига боғлиқ. Шу мақсадда жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизга хориждан 426 бош наслли қорамол келтирилди.

Жумладан, Самарқанд туманидаги “Маҳмудов Олтинжон Чорвачилик” фермер хўжалигига Россиядан 32 бош, Ургут туманидаги “Сурхон чорва насл” фермер хўжалиги Латвиядан 31 бош, Оқдарё туманидаги “Турон” фермер хўжалиги Австрия давлатидан 31 бош наслли қорамоллар ва Паст Дарғом туманидаги “Янгиобод чорва насл моллари” фермер хўжалигига Чехиядан 203 бош “Симментал” зотли наслли буқалар келтирилди.

Шунингдек, инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш юзасидан тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, инспекциянинг Булунғур тумани бўлими томонидан Президентимизнинг 2019 йил 13 ноябрдаги топшириғига асосан, вилоят туманларида замонавий сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этиш ва ишга тушириш, чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер ажратилиши ва улардан самарали фойдаланиш юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Тумандаги 55 та маҳаллага туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан 18 та ветеринария шохобчаси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда 8 минг 160 бош сигирни сунъий уруғлантириш режалаштирилган бўлса-да, ҳозиргача бор-йўғи 3 минг 559 бош сигир сунъий уруғлантирилган. Хусусан, ҳудудий “Чорванасл” марказининг Булунғур туман бўлими томонидан 2 минг 797 бош сигир сунъий уруғлантирилган.

Бугунги кунда Булунғур туманида 7 та наслчилик хўжалиги бўлиб, уларда 449 бош наслли қорамол, шундан 179 бош сигир бор. Наслчилик хўжаликларига жами 312,1 гектар, шундан, 203,6 гектар сувли майдон ажратилган. Тумандаги наслчилик хўжаликларида 355 шартли мол бош сони бўлиб, ҳар бир йирик шохли чорва мол бош сонига ўртача 0,57 гектар сувли ер майдони тўғри келади.

Жумладан, “Азиммурод Боймуродов даласи” фермер хўжалигида жами 51 бош шартли қорамол бўлиб, ушбу фермер хўжалигига 32 гектар, “Янги қишлоқ” фермер хўжалигида жами 18 бош шартли қорамол бўлиб, 17,1 гектар сувли ер майдони ажратилган.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят

бошқармаси ахборот хизмати.