18 май – Халқаро музейлар куни: Инсоният тарихи, қадриятлари ва маданий мероси қўриқчиси
1977 йилдан бошлаб ҳар йили 18 майда дунёдаги 150 га яқин давлатда Халқаро музейлар куни нишонланади. Бу ҳақда 1977 йилда Москва ва Ленинград шаҳарларида ўтказилган ICOM (International Council of Museums - Халқаро музейлар кенгаши)нинг XI конференциясида қарор қилинган эди.
Байрамнинг мақсади замонавий музейларнинг салоҳияти ва тарихий-маданий меросини кўрсатиш, кенг аудитория ўртасида илмий-маърифий ва таълим ишларини олиб боришдан иборат. Анъанага кўра, байрамга янги кўргазмалар, маълум мавзуга бағишланган фестиваллар, «музейда тун» дастури, маърузалар, театр томошалари, бепул экскурсиялар, илмий ўқишлар ўтказилади.
1992 йилдан эътиборан Халқаро музейлар куни байрами маълум бир мавзуга бағишлаб нишонланади. Масалан, 2018 йил байрам мавзуси «Музейлар гиперкоммуникация даврида: янги ёндашувлар, янги аудитория» деб номланган эди. Ўтган йили «Музейлар кучи» мавзусида нишонланган бўлса, жорий йилда «Музейлар, барқарорлик ва фаровонлик» мавзусида нишонланади.
Ажойиб анъаналардан яна бири, 18 майга яқин дам олиш кунлари, шанбадан якшанбага ўтар кечаси бўлиб ўтадиган «музейда тун» дастурининг ўтказилишидир. Ушбу тадбир биринчи марта 1997 йилда Германияда ташкил этилган ва ҳозиргача ҳар йили ўтказиб келинади.
Ўзбекистон музейлари, шу жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳам Халқаро музейлар кенгашига 1977 йилда аъзо бўлган. Ана шу даврдан бошлаб фаол халқаро алоқаларни олиб бормоқда. Музей-қўриқхона ходимлари кенгаш дастури доирасида Франция, Германия, Нидерландия, Перу, Россия, Украина, Латвия, Қозоғистон каби давлатларда бўлиб ўтган анжуманларда қатнашишди. 1981 йилда Музейлар халқаро кенгашининг ҳудудий конференцияси Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.
Ўзбекистон музейларининг халқаро алоқалари мустақиллик йилларида янгича мазмун касб этди. Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ашёлари Париж, Леон, Штутгарт, Ганновер, Пенсильвания ва бошқа хориж шаҳарларида ташкил қилинган кўргазмаларда намойиш қилинган. 1992 йил Франциянинг Араб дунёси институти билан ҳамкорликда «Самарқанд кулолчилиги» мавзусида кўргазма ташкил қилинган эди. Бу кўргазма 1994 йилга қадар яна тўртта шаҳарда намойиш этилди. Музей экспонатлари 2001 йилда Лионда, 2003 йилда Вашингтонда ўтказилган «Ўзбекистон гиламлари» кўргазмаси, Сиднейда 2004 йили ўтказилган «Ўрта Осиё санъати» кўргазмаси, 2005 йили Япониянинг қатор шаҳарларида ўтказилган «Буюк Ипак йўли мероси» кўргазмаларида намойиш этилган.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси залларида эса Польша, Исроил, Сурия ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган рассомлар асарлари, фотосуратлар кўргазмалари ташкил қилинади. Жумладан, Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи давлат музейида япониялик фоторассомнинг «Дунё болалар нигоҳида» кўргазмаси, германиялик рассом Волфганг Тимман асарлари кўргазмаси, «Полонез» поляк маданий маркази билан ҳамкорликда поляк рассомлари кўргазмалари ташкил этилган.
1999 йилда АҚШнинг Калифорния штати музейида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси археология жамланмаси намойиш этилди. 2002 йилда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси «Ўзбекистонда ёзувнинг пайдо бўлиши» кўргазмасини бадиий безаш учун АҚШ ҳукуматининг грантини қўлга киритди. Шунингдек, Япониянинг Киото университети билан ҳамкорликда ҳужжатлар коллекциясидаги 312 та қўлёзма ҳужжатнинг каталогини яратиш учун суратга олинган.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда музей ишига бўлган эътибор кучайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 майдаги «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан музейлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш режаси тасдиқланган. Ушбу режага мувофиқ, Ўзбекистон музейлари дунёнинг 60 дан ортиқ хорижий музейлари ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқларини йўлга қўйди.
2022-2023 йиллар давомида Ўзбекистоннинг бошқа музейлари ва фондлари қаторида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилаётган халқаро кўргазмаларда иштирок этмоқда. 2022 йилда Париждаги Араб дунёси институти ва Лувр музейида ташкил этилган халқаро кўргазмада иштирок этган бўлса, 2023 йилда Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳрида ва Берлинда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда қатнашди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги музейлар халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъектларидир. Улар давлатлар ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларнинг мафкуравий контекстини шакллантиришда, дунё аҳолиси нигоҳида мамлакатнинг муносиб қиёфасини яратишда иштирок этади. Музейларнинг халқаро фаолияти бугунги дунёда профессионал, илмий ва бадиий ҳамкорликнинг бир шакли ва ўз навбатида музей ходимлари ҳам турли мамлакатлар ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатишга имкон берадиган вазифаларни адо этадилар.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.