18 ёшга тўлмаган йигит ва қизларни унаштириш маросимларини ўтказиш тақиқланмоқда
“Оила ва хотин-қизлар соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Мазкур лойиҳа билан 18 ёшга тўлмаган йигит ва қизларни унаштириш маросимларини ўтказиш тақиқланмоқда. Никоҳга кирувчилар аризасига кўра, ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация) никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги ён шажара бўйича қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланмоқда. Фақат тиббий генетик текширувлар натижаси ижобий бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Қуйидагилар учун жарималар миқдорини ошириш белгиланмоқда:
—никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача). Амалда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача;
—ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш — БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 6,8 миллион сўмгача);
—никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш — БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (6,8 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмгача);
—қонунда ўрнатилган никоҳ тузиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган тартиб ва шартларни бузиш — БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмгача).
Муҳайё Тошқораева.