19 ёшимда бир оёғимдан айрилганман, аммо... (тикувчи ҳикояси)
Болалигимдан тикувчиликка қизиқардим. Бу ҳунарни менга онам ўргатган. Қўл билан ишлатиладиган оддийгина тикув машинамиз бор эди. Кўрпа-ёстиқлар тайёрлардик. Айни ёшлик чоғимда, яъни 19 ёшда суяк емирилиши касаллигига чалиндим... ва бир оёғимдан айрилдим.
Ногирон бўлсам-да, бировга муҳтож бўлиб қолмасликка ҳаракат қилдим. Қўлимда ҳунарим бор эди. Тикувчилик билан шуғулланиб, овунардим. Дардларимни унутишга уринардим. Тошкентдаги бир тикув цехидан буюртма олиб, касаначи сифатида фаолият юрита бошладим. Мана икки ярим йилдан бери шу юмуш билан шуғулланиб келаман. Бичилган газламадан болалар кийимларини тайёрлаб, буюртмачиларга жўнатамиз. Аввалига оддийгина тикув машинаси билан бу ишни бажаришга қийналганмиз. Кейинчалик маҳалла кўмагида субсидия билан тикув машинаси олдим. Ишларим юришиб, шогирдлар тайёрлай бошладим. Уйда янгам ҳам менга шогирд тушди. У ишсиз эди. Янгам учун ҳам субсидияга тикув машинаси берилди. Яна 5 нафар хотин-қизни шогирдликка олдим. Яна иккита тикув машинаси сотиб олдим.
Ҳозирча ҳар биримиз шу меҳнат билан шуғулланиб, ойига 3,5-4 миллион сўм топяпмиз. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, ўзимиз йирик тикув фабрикаси ташкил этиш ниятимиз бор.
Қудратой Санаева,
Нуробод тумани.