2020 йилдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари кооперация ва кластер тизимида етиштирилади
Бугун, 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Ш.Мирзиёев йиғилишда келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга, кейинги 3 йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. “Бунга эришиш учун экин ва навларни тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни камида икки-уч баробарга ошириш, исрофгарчиликларнинг олдини олиш, маҳсулотларни сақлаш, логистика масалалари, экспортни тўғри ташкил этиш зарур”, деди Президент.
Йиғилишда таъкидланишича, бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда бундай мевазорлар, айниқса, интенсив усулдаги боғлар етарлича ташкил этилмаяпти, боғ ва токзорлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли уларнинг иқтисодий самарадорлиги ўта паст даражада қолмоқда, қатор туманларда минглаб гектар эски боғлар йиллар давомида ҳосил бермаяпти. Ҳанузгача “маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт” занжирини ташкил этадиган кооперация тизими жорий қилинмаган.
Узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаяпти. Оқибатда, мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти.
Селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис мамлакатимиз уруғликни импорт қилишга мажбур бўлмоқда.
Минерал ўғитлар таъминоти, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишлари тизимли ташкил этилмагани ҳам деҳқоннинг ортиқча овора бўлишига олиб келиб, ҳосилдорликни оширишга салбий таъсир қилмоқда.
Ш.Мирзиёев таклифларини билдирар экан, эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжирни, яъни кооперация ва кластер тизимини ташкил этиш кераклигини таъкидлади. “Бунинг учун Ўзбекистонда бир нечта йирик экспортёр кластер ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозор, аниқ молиявий манба билан ишлайдиган тадбиркорга бириктириш зарур”, деди Президент.
Янги ташкил қилинаётган кооперациялар негизида 1 гектардан 5 гектаргача ижара асосида ер ажратилади. Янги боғ ва токзорларни барпо этишга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 1 триллион сўм йўналтирилади.
Боғдорчиликни ривожлантириш учун ҳар йили 20 миллион дона кўчат етиштириш йўлга қўйилиб, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб “соғломлик” сертификатига эга бўлмаган кўчатларни юртимизга олиб келиб экиш тўхтатилади.
Мева-сабзавот етиштиришни йилига 8-10 фоизга кўпайтириш ва қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштириш мақсадида 2020 йилда қайта фойдаланишга киритиладиган 77 минг гектар майдонга озиқ-овқат экинлари, эртаги маҳсулот етиштириш учун 200 минг гектарда тўқсонбости усулида сабзавотлар экилади.