2025 йилда вилоятда 132 та мактабгача таълим ташкилоти очилди
Булар - 11 та давлат, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 113 та оилавий нодавлат асосидаги мактабгача таълим ташкилотларидир. Натижада қўшимча 11 минг 761 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан уюштирилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси паст бўлган олис ҳудудларда, жумладан, Булунғур туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабида 2 та, 70-умумий ўрта таълим мактабида 2 та ҳамда Каттақўрғон туманидаги 104-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, 67-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, жами 10 та гуруҳ “Ақлвой” лойиҳаси доирасида ташкил этилди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. - Шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган 2 та "ISUZU" автобуси негизида 174 нафар боғча ёшидаги болаларга таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида вилоятдаги 763 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига умумий қиймати 8 млрд 150 млн сўм бўлган 763 та ўйин майдончаси ҳамда тайёрлов гуруҳлари учун стол-стуллар етказиб берилган.
Бундан ташқари, вилоятда фаолият юритаётган 740 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланиши босқичма-босқич аутсорсинг усулида йўлга қўйилган.
Тадбирда таъкидланишича, ҳар бир давлат мактабгача таълим ташкилотида инклюзив гуруҳ хоналари ташкил этилиб, ижтимоий ҳимоя органлари томонидан берилган йўлланмалар асосида болалар қабул қилинмоқда.
Тойлоқ илк ривожланиш маркази тажрибаси асосида Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида илк ривожланиш марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 1500 ўрин яратилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ўйинга асосланган “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида 4 та янгидан жиҳозланган хоналар фойдаланишга топширилган.
2025 йил январ ойидан бошлаб 34 та таянч мактабгача таълим ташкилотларида “Методик маҳорат куни”, 730 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида эса “Методик маҳорат соати” тадбирлари ташкил этилган.
Матбуот анжуманида кўрик-танловларда ютуқларни қўлга киритган боғчалар ҳам эътироф этилди. Масалан, “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 122-сон ва Иштихон туманидаги 5-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган. “Табиат болалар нигоҳида” расмлар танловининг республика босқичида ўғил болалар ўртасида Каттақўрғон тумани 31-сон ДМТТ тарбияланувчиси Улуғбек Акбаров, қиз болалар ўртасида эса Самарқанд тумани 2-сон ДМТТ тарбияланувчиси Зилола Султонмуродова фахрли иккинчи ўринни эгаллаган.