21 ёшли йигит бир одамни белкурак билан уриб, ўлдириб қўйди
Жорий йилнинг 30 май куни соат 12:00 ларда Тошкент вилояти Зангиота тумани, Бўзсув қўрғони, Маданият кўчасида 38 ёшли Х.Б. 21 ёшли Б.Н. билан ўзаро оғзаки келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолади. Б.Н. уйидаги белкурак билан Х.Б. танасининг юз ва оёқ қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда Х.Б. олган тан жароҳатлари билан туман тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажага қарамай, у вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида Х.Б. хонадонидан, ҳовлисининг ер қисмидан қон доғларига ўхшаш моддалар, бир дона белкурак, бир дона оқ-кўк рангли қон доғларига ўхшаш моддалар бўлган эркаклар футболкаси далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (одам ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Н. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.