22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун (1394-1449)

1394 йил 22 мартида Султония шаҳрида бобоси Амир Темур юришида қатнашиш шарафига муяссар бўлган чақалоқ туғилди. У Шоҳруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, бобоси унга Муҳаммад Тарағай деб исм қўйди. Уни кейинчалик Улуғбек деб атай бошладилар.

1405 йил бобоси Амир Темур вафот этгач, Самарқанд тахти 1409 йилда Улуғбекка насиб этди. Улуғбекнинг болалик йиллари Амир Темурнинг ҳарбий юришларида ўтди. 1405 йилнинг бошида Хитойга қилинаётган юриш бошланиши пайтида Темур вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг тўрт йил давомида фарзандлари ўртасида тахт учун кураш давом этади. Отаси Шоҳруҳ Мирзо мамлакатнинг нотинч қисми Хиротни пойтахт этиб, кўчиб кетди. 

Улуғбек 17 ёшида ҳоким бўлиб, бобосидан қатъий ўлароқ тож-тахт учун курашмади. У ҳокимиятни бошқарар экан, илм-фанни тараққий эттирди. Мадрасалар қуриб, илм арбобларига ҳомийлик қилди. 40 йил давомида одил шоҳ, буюк математик, астроном деган улуғ номларга сазовор бўлди. 

Обсерватория қуриб, юлдузларни текширди, схемасини тузди «Зижи Кўрагоний» номли юлдузлар харитасини тузиб, келажак авлодларга буюк меърос қолдирди.

Улуғбекнинг устози сифатида мунажжим Мавлоно Аҳмад эканлигини тахмин қилиш мумкин. У Темур саройидаги энг йирик олим бўлиб, сайёраларнинг келажак икки юз йиллик тақвимлари жадвалларини тузган. Лекин Улуғбек ўзининг “Зижи Кўрагоний” асарида устози сифатида Қозизода Румийни тилга олади.

Улуғбек ёшлигиданоқ Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий таъсирида улғаяди. Шунинг учун Улуғбек йигирма ёшидаёқ йирик олим сифатида танилади. Олим илмга бўлган алоҳида эҳтироми туфайли янги усулдаги билим масканлари – мактаб ва мадрасалар барпо қилди. Бир вақтнинг ўзида Бухоро ва Ғиждувонда, Самарқандда учта мадраса очади. Самарқанддаги мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда қурилиш ишлари битирилади. Тез орада бу мадраса мударрис ва олимларни тўплай бошлайди.

Шу тариқа Самарқанддаги мактаби шаклланади. Самарқандга Моварауннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан келган олимларнинг сони 1417 йилга келиб 100 нафардан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, ҳаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Улар даврасида Қозизода ва Коший энг салобатли ва нуфузли эди.

Самарқанд мадрасасининг очилиши маросими 1420 йилда бўлади. Мирзо Улуғбек мадрасаси Шарқ илм-фани ва маданияти тарихида катта воқеа бўлди. Абдураҳмон Жомий ҳам дастлабки таҳсилни ана шу мадрасада олади. Ушбу илм масканида алоҳида эътибор бериладиган илмлар фалакиётга оид фанлар эди. 1424 йили юлдузлар ҳақида асралар ёзиш, умуман юлдузларни тадқиқ этиш учун расадхона қурилиши бошланади ва у 1429 йилда қуриб битирилади.

Улуғбек йирик олим бўлишига қарамасдан, тўртта илмий асар ёзиб қолдиради. Унинг кўп вақти давлат ишлари билан боғлиқ масалаларга сарфланар эди.

Улуғбек қаламига мансуб энг машҳур асар “Зижи Жадиди Кўрагоний”дир. Риёзиётга мансуб “Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола”, юлдузларга бағишланган “Рисолаи Улуғбек” асари ҳам мавжуд. Бу асарнинг ягона нусхаси Ҳиндистоннинг Алигарх университети кутубхонасида сақланади. Унинг тарихга оид “Тарихи арбаъ улус” асари ҳам мавжуд (бу асарнинг ўзбекча таржимаси 1990 йилда Тошкентда чоп этилди). Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асари VIII-IX асрларда бошланган фалакиёт анъанасини давом эттирса-да, уларга нисбатан илмий савияси анча юқори эканлиги билан ажралиб туради.

Улуғбек 1449 йили 27 октябрида ҳалок бўлади. Унинг шогирдлари Али Қушчи, Чалабий томонидан асарлари сақлаб колинди, ишлари поёнига етказилди. Истамбулда яшаб ижод этган Али Қушчи хизматлари туфайли Улуғбек ва унинг асарлари Европага тарқатилди. Унинг илмий ишлари бутун дунёга танилди, ёйилди.

Бугун «Зижи» ва «Тўрт улус тарихи» асарларидан бутун дунё илм аҳли баҳраманд бўлмоқда. Улуғбек катта ҳаётий тажриба билан «Подшоликлар емирилади, дин тумандек тарқалиб кетади, олиму-фузалолар иши абадул- абаддир», деган нодир фикрларни қолдирди.

“Taqvim.uz”.