27 июнь - Матбуот ва ОАВ ходимлари куни
Сиз суратда кўриб турган икки таниқли ижодкор, матбуотимиз фидойилари, биринчи даражали меҳнат фахрийлари - “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Шароф Убайдуллаев (чапда) ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов гарчи ёшларида озроқ фарқ бўлса-да, олтмиш йилдан зиёд умрларини ўзбек миллий журналистикаси ривожига бағишлаган инсонлардир.
Улар 1963 йилда “Зарафшон” газетасида учрашганлар. Ш.Убайдуллаев Тошкент давлат университети журналистика факультети талабаси сифатида амалиёт ўтагани келган, Облоқул ака эса таҳририятда масъул котиб ўринбосари бўлиб ишлаган.
Йиллар ўтди. Шароф аканинг умри пойтахтдаги ОАВ даргоҳларига боғланди. Облоқул ака ҳам ўша йилдан буён Ўзбекистон радиосининг вилоятдаги мухбири бўлиб ишлади. Иккала тақдирнинг яна бир уйғунлиги шундаки, улар ўшандан буён “Зарафшон” билан алоқани узишгани йўқ: ўқиб туришади, ёзиб туришади, келиб туришади.
Бугун Ш.Убайдуллаев Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари. О.Усмонқулов эса шу жамғарма вилоят бўлимининг фаоли, “Зарафшон”нинг доимий муаллифи.