27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди, 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди
30 ноябрь куни Олий судда “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида ўтказилган конференция давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари айрим судьялар томонидан Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузганлик ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари содир этганликлари ҳолатларини қайд этди.
Фақат ҳолатлар айтилиб, кўрилган чоралар ҳақида гапирилмаганлиги сабабли, бу масала тушунмовчиликлар келтириб, қатор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Шу ўринда жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ҳақиқатдан ҳам ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилганлиги, шунингдек, 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилганлиги маълум қилинади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.